Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 октябрь куни саноат ва ижтимоий соҳа объектлари, аҳолини табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги қарздорликни бартараф этиш, ушбу йўналишдаги амалий чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ва тегишли мутасаддилар ҳисоботи тингланди, деб ёзади Президент расмий сайти.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Бош прокурори, «Ўзбекэнерго», «Ўзтрансгаз» компаниялари раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
Асосий эътибор, аввало, аҳоли, ишлаб чиқариш объектлари, ижтимоий муассасаларни табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги тўловларнинг амалга оширилиши, бугунги ҳолат ва муаммоларга қаратилди.
Маълумки, «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компаниялари фаолиятидаги хато ва камчиликлар, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммолар тармоқ зиммасидаги вазифаларни изчил бажариш, қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилар эди. Шартномавий мажбуриятларни бажармаган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмагани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари оқсагани қарздорликларнинг кескин ортиши, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатлари кўпайишига олиб келаётган эди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан соҳадаги ишлар тубдан такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.
Бюронинг асосий вазифалари фойдаланилган энергия ресурслари учун қарздорликни кескин камайтириш, электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашдан иборат. Фармон асосида Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган Суд департаментининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифа ва ваколатлари Бюрога ўтказилди. Эндиликда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, Мажбурий ижро бюросининг фаолияти натижасида жорий йилнинг июнь–сентябрь ойларида 5 триллион 400 миллиард сўм қарздорлик ундирилди. Унинг 3 триллион 400 миллиард сўми электр энергияси, 2 триллион сўми табиий газ ҳисобига тўғри келади.
















