Ўзбекистон Республикаси президенти 2017 йил 16 октябрь куни “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида имзоланди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Акциядорлик-тижорат “Алоқабанк”нинг “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
асаларичилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган норматив-хуқуқий базани ишлаб чиқишда иштирок этиш;
асаларичилик тармоғини ривожлантириш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, ягона илмий-техника, технологик, инвестиция ва экспорт сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда асаларичилик хўжаликларини ўрмон фонди ерларига, тоғ ва тоғолди ҳудудларига, табиий пичанзор ва яйловларга ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига жойлаштиришни амалга ошириш;
асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни марказлашган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш ва ушбу тажрибани кенг қўллаш ҳисобига асаларичилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш;
асалари касалликларининг олдини олиш, даволаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий ва илғор усулларни жорий этиш ишларига кўмаклашиш;
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шу жумладан, хорижий муассасаларда асаларичилик тармоғига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда иштирок этиш.

















