Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Суҳроб Хўжаев Осиё ўйинлари чемпионлигига эришди.

Босқон улоқтириш баҳсларида иштирок этган ушбу спортчи 74.38 метр натижа билан олтин медалга эга чиқди.

Ўз навбатида, спортнинг ушбу турида баҳсларда қатнашган бошқа бир ўзбекистонлик Аюбхон Фаёзов 69.25 метр натижа билан еттинчи ўринни эгаллади.

Қайд этиш керакки, Хўжаев бу натижага учинчи уринишда эришди. Бунгача у 2 марта – 2018 йил Жакартада ўтказилган турнирда ҳамда 2023 йил Ҳангчжоу мезбонлигидаги Осиё ўйинларида бронза медал билан кифояланганди.

Кун давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари 3 та кумуш ва битта бронза медал ҳам қўлга киритганди.

Шундан учта кумуш Байдарка ва каноэда эшкак эшиш жамоаси томонидан қўлга киритилди.

  • Екатерина Шубина, Арина Танатмишева, Милана Душев-Янич ва Шаҳризода Мавлонова (байдарка, K4 500 метр)

  • Владлен Денисов (каноэ, C1 500 метр)

  • Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова (каноэ, C2 500 метр)

Шунингдек, спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Расулжон Абдураҳимов делегациямизга навбатдаги бронза медалини тақдим қилди. Қўшпоядаги машқда чиқиш қилган Абдураҳимов 14.433 балл билан учинчи ўринни эгаллади.

Эркин машқ дастурида қатнашган Дилдора Ариповага эса медал учун бироз етмай қолди – 13.200 балл билан тўртинчи бўлди (учинчи ўриндаги хитойлик Йиҳан Жангнинг натижаси 13.566).

Шу тариқа, Ўзбекистон ўз ҳисобидаги олтин медаллар сонини 7 тага етказди (15 та кумуш ва 9 та бронза) ва умумий рейтингдаги бешинчи ўринни мустаҳкамлади. Энди тўртинчи ўриндаги Қозоғистон билан орани битта олтин ажратиб турибди.

Screenshot_8