Ташановга кўра, 24 сентябр куни ҳарбий суд Taftish.uz таҳририяти ходимлари ва ДХХ зобитларига нисбатан ҳукм ўқиган. Таҳририят раҳбари Ғайрат Абераев 10,5 йилга, журналист Маржона Эшқувватова 4 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Шунингдек, сайт таҳририятининг яна икки вакили ҳамда собиқ ДХХ ходимларига 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
“Улар туҳмат, ҳақорат, фирибгарлик, товламачилик сингари айбловлар билан айбланган. Ёпиқ суд мажлиси ҳукмига кўра, судланувчилар жазо муддатларини умумий тартибдаги колонияларда ўтайди”, дейилади Ташановнинг хабарида.
Бу ҳақда ҳозирча расмий ахборот берилгани йўқ. Kun.uz Олий суд матбуот котиби Сурайё Хожамқулова билан боғланди. У суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаганини, шу сабабли расмий ахборот берилмаганини билдирди.
“Суд ҳукми қонуний кучга кирмагунча судланувчи судланган ҳисобланмайди. Шу сабабли, ҳукм қонуний кучга киришини кутяпмиз. Шундан сўнг расмий ахборот берамиз”, дея таъкидлади Сурайё Хожамқулова.
Taftish.uz ходимлари, жумладан, нашр раҳбари шу йил январида товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинганди.
Ички ишлар вазирлиги ўшанда сайт ходимларига қўйилган айбловлар тафсилотларини эълон қилган ва уларни «товламачиликни кундалик фаолиятга айлантирган» шахслар деб атаганди.
«Жиноий фаолиятини даромад манбаига айлантириб олган Абераев бошчилигидаги жиноий гуруҳ мурожаатчиларни алдаш билан бир қаторда, фуқароларни обрўсизлантирувчи ёки бошқа усулда шарманда қилувчи видеоларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, ёки шундай видеоларни интернет орқали эълон қилинганидан кейин ўчириб бериш эвазига фуқаролардан пул талаб қилиш билан шуғулланиб келган. Яъни келиб тушган мурожаатларни ёритганлиги учун бир тарафдан маблағ олган бўлса, тайёрланган материалларни ўчириб юбориш учун иккинчи тарафдан пул талаб қилишган», дейилган вазирлик хабарида.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Taftish.uz сайтига эгалик қилувчи Elita-Media компанияси 2019 йил сентябр ойида ташкил этилган. Унинг директори Абераев, асосчиси эса Дилшод Иргашев экани кўрсатилган. Сайт 2021 йил 24 мартда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган.

















