Жамият | 12:30 / 18.10.2017
18501
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон арчаларига болта урган ким?

Фото: Vse42

Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари Қамаши тумани Қўшкўл қишлоғи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Низом талабларига риоя этилиши бўйича мониторинг-рейд ўтказишди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Текшириш давомида шу қишлоқда яшовчи Абдумурод Ибатов 54 дона ноёб Зарафшон арчасини ўзбошимчалик билан ҳеч қандай рухсатсиз кесиб, қурилаётган хусусий савдо дўкони омборхонаси томини ёпишга ишлатаётганлиги аниқланди.

“Қашқадарё тижорат-савдо” МЧЖ ИУХБда мудир бўлиб ишловчи Абдумурод Ибатов бу билан ўсимлик дунёсига жами 68 млн. 746 минг сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи А.Ибатов айбига иқрорлик билдирмасдан устунлар эски эди, уларнинг 32 донасини бир неча йил илгари қишлоқдошим Э.Хушвақтовнинг молхонаси бузилган вақтида чиққан ёғочлар орасидан олганман, деб туриб олди.

Бироқ ҳеч қандай баҳона-ю, важларга ўрин қолмади – экспертлар ноёб арча дарахти янги кесилганини қайд этишди. Ўзбошимча дўкондорнинг айби тўпланган бошқа бир қатор далиллар орқали ҳам ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан А.Ибатовга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Амнистия шарофати билан у тайинланган жазодан озод этилди. Бироқ арчалар кесилиши оқибатида етказилган зарар ундан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш инспекцияси ҳисобига ундириладиган бўлди.

Мавзуга оид