“Чет элнинг аччиқ хўрозқанди”
Фарғоналик Ҳалима Турсунова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда бухоролик Муҳайё Раҳматова, Гулсанам Ҳамидоваларнинг бир дастурхонда ош-қатиқ бўлишганининг сабаби енгил-елпи йўл билан пул топиш эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Гулсанам билан тасодифан танишиб қолган Муҳайё мақтаниб, унинг кўнглига “қўл солди”:
- Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ўзимнинг дўконларим бор. Бошида мен ҳам қийналганман, иккиланганман. Рози бўлсангиз, ёрдам бераман.
- Кошки шундай қилсангиз. Дуо қилардим. Онам бетоблар. Пул керак, - деди Гулсанам ялинчоқ овозда.
- Йўл харажатлари, паспорт виза масалаларида ўзим ёрдам бераман. Кейин ишлаб берасиз... – деди бу борада анча пишган Муҳайё.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳужжатлар тайёр бўлди. Гулсанам Бишкек шаҳри орқали “бегона”ларнинг ёрдами билан Шаржа шаҳрига етиб келди-ю, оғзи ланг очилди. У яшаган қишлоқ қаёқда-ю, бу шаҳар қаёқда!
Меҳмонхона зиналаридан кўтарилаётган қишлоқ қизи Гулсанам олдинда уни маънан даҳшатли ва шармандали кунлар кутаётганини хаёлига ҳам келтирмасди. “Муҳайёнинг дўконида ишласам, бир-икки йилда...”
Орзуларининг чегарасини белгилай олмаётган эди у. Аммо бир кунлик меҳмондорчиликдан сўнг азобли кунлар бошланди. Ҳалима Турсунованинг қўлига топширилган Гулсанам бухоролик Нигина, Назира исмли қизларнинг гап-сўзларидан билдики, энди у ҳаё либосини ечиб, фоҳиша деган номни олишга мажбур.
Фуқаролик паспортини олиб қўйган ҳамюртига юзланди.
- Опа, мен бу ишни қилолмайман.
- Нима деб ўйлаган эдинг? Пул керакми? Уни топиш учун ана шундай машаққат чекишингга тўғри келади.
- Ўзбекистонга қайтмоқчиман.
- Нима?! Ҳали қарзларингни узганинг йўқ. Бир-икки ой ишлаб тур. Кейин ўйлаб кўрамиз.
Муҳайё Раҳматова шериклари билан янги йилни ўтказиш учун Бухорога қайтганда, Гулсанам Ҳалимага ялиниб-ёлворди. Чунки, виждон азоби, ўзидан кечса-да, ўзлигидан кеча олмаётган, алданиб қолган қизлар юртга қайтиш истагида эдилар. Уларни ушлаб турган Ҳалима Турсунованинг уринишлари бесамар кетди. Жабрдийдалар юртга қайтишди. “Восита”чи опалар одам савдоси билан шуғуллангани боис қонун олдида жавоб беришди.
Суд Ҳалима Турсуновани айбли, деб топди ва 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.