Ўзингиз учун спорт билан шуғулланмасангиз ҳам, профессионал спортчи карьераси ҳақида орзу қилмасангиз ҳам, ҳаваскор мусобақаларда қатнашиб туринг. Бу сизга бошқа йўл билан топиб бўлмайдиган қониқиш ҳиссини беради, дейилади "Лайфхакер"да.

Тўғри, баъзи одамлар болалигидан мусобақаларда иштирок этади. Уларга бунинг нима учун кераклигини тушунтиришга ҳожат йўқ, бу улар учун - спортдаги ҳаётининг оддий бир қисми. Қуйидаги тавсиялар эса "ўзи учун" спорт билан шуғулланувчилар ва мусобақаларда қатнашишни истамайдиганлар учун.

1. Қўшимча мотивацияга эга бўласиз

Баъзан машғулотлар зерикарли бўлиб боради, вақти-вақти билан эса улар кайфиятингизни тушириши ҳам мумкин: масалан, бирор нарсанинг уддасидан чиқа олмаганингизда. Мусобақаларга тайёрланаётганингизда дангасалик ёки ёмон кайфият чекинади, зеро сиз олдиндаги мусобақада муносиб иштирок этиш учун мотивация оласиз.

Оддий машғулотларда сиз, англаб ё англамай, бўш томонларингизни қайта ишлашни четлаб ўтишингиз мумкин, чунки уддасидан чиқа олмаётган нарсага қайта тўқнаш келиш ёқимсиз.

Турнирга тайёргарлик вақтида эса ҳеч қандай иккиланишларсиз ўзингизнинг бўш томонларингиз устида ишлашга киришасиз ва тезкор натижаларга эга бўласиз.

Мен буни ўзимда ҳис қилдим. Сўнгги икки ойда мен 20-25 килограммли штангалар билан шуғулландим. Мусобақалардан икки кун олдин яна 10 килограмм қўшдим ва 35 килограммли штангани кўтардим.

Мусобақаларда уятга қолмаслик учун машғулот сайин янада шиддат билан ҳаракат қилардим. Қатъий дедлайнсиз бу оғирликка қандай етиб келиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман.

2. Унутилмас ҳиссиётларга эга бўласиз

Мусобақа вақтида сиз максимал даражада диққатни жамлашга муваффақ бўласиз, имкониятларингиз эса ошиб боради. Буларнинг бари адреналин ҳисобига рўй беради.

PIT (The People, Ideas and Things) журналида чоп этилган илмий мақола бу гормоннинг қандай ишлашига изоҳ беради.

Адреналин юрак ритми ва қон босимини оширади, юракнинг қон ишлаб чиқариш хусусиятини яхшилайди. Қон томирлари скелет мушаклари ва бош мияга кўпроқ озуқавий моддалар етказиб беради, бунинг ҳисобига эса диққатни жамлаш жараёни яхшиланади.

Шунингдек адреналин юракка қон етиб бориш жараёнини секинлаштириб, баъзи қон томирларнинг қисқаришига олиб келади. Бу керакли соҳаларда озуқавий моддалар билан тўйинган қонни ушлаб туради ва фаолликни узайтиради.