Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президентнинг расмий сайти маълумот берди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ва Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Президентимиз жорий йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб уч марта видеоселектор йиғилиши ўтказди. Тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди, шу йўналишда амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида шифохоналар, поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларидаги шароитлар билан бевосита танишди, замонавий клиникалар қуриш бўйича топшириқлар берди.
Соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 минг 197 ёш мутахассиснинг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.
Қилинган ишларнинг натижаси қандай бўлаяпти, одамлар бундан қай даражада фойдаланмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўплигини кўрсатмоқда.














