Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон ва Озарбойжон мисолида Ислом бирдамлиги» халқаро конференцияси қатнашчиларига табрик йўллади. Табрик матни Президентнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Муҳтарам халқаро конференция қатнашчилари!
Ҳурматли меҳмонлар!
Сизларни табаррук Ўзбекистон заминида қутлаш ва ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят хурсандман.
Бугунги анжуман Озарбайжон Республикаси Президенти, муҳтарам Илҳом Гейдарович Алиевнинг 2017 йилни Озарбайжонда Ислом бирдамлиги йили, деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусига ҳамоҳанг экани билан эътиборга сазовордир.
Шу муносабат билан биз Ўзбекистонда дўст Озарбайжон Президентининг ташаббусини юксак баҳолашимизни таъкидлашни истардим.
Маълумки, бизнинг Ватанимиз минг йиллар давомида турли цивилизациялар мулоқотга киришган ва бир-бирини тўлдирган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган. Бу заминда турли маданият ва дин вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаган. Мусулмон дунёси тараққиётида улкан роль ўйнаган халқимиз менталитетининг асосини том маънодаги бағрикенглик, олижаноблик ва эзгулик каби фазилатлар ташкил этади.
Мовароуннаҳрнинг гўзал ва бетакрор шаҳарлари, аввало, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива кўп асрлар давомида ислом илм-фани, маданияти ва бутун мусулмон цивилизациясининг марказлари сифатида шуҳрат қозонган. Бу саховатли заминдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Мўъин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби кўплаб буюк аллома ва азиз-авлиёлар етишиб чиқди.
Инсоният тарихидаги ноёб ҳодиса бўлган мусулмон Ренессанси ана шу буюк аждодларимизнинг диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Мамлакатимизда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлар ва конфессиялараро ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди ва бундай ёндашув ижобий натижа бермоқда.














