Жамият | 08:48 / 20.10.2017
36713
3 дақиқада ўқилади

Қадимги Мисрнинг ҳалокати сири ошкор бўлди

Фото: Reuters

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳининг хулосасига кўра, қадимий Миср цивилизациясининг ҳалокатига глобал иқлим ўзгаришига олиб келган вулқон уйғониши сабаб бўлган. Олимларнинг мақоласи Nature Communications журналида эълон қилинди.

Таъкидланишича, Қадимий Мисрнинг антик маданият сифатида бўлиши Нил дарёсининг ҳар йилги тошишига боғлиқ бўлган. Микроэлементлар ва органик моддаларга бой сув вақти-вақти билан кенг водийга тошган ҳамда маҳаллий тупроқнинг унумдорлигига кўмак бериб турган. Бу минтақада зироатчиликнинг ривожланишига туртки берган.

Айнан шу сабаб туфайли Мисрнинг деярли барча йирик шаҳарлари дарё бўйида қурилган.

«Нилнинг тошиши эса, ўз навбатида, Эфиопия тоғлиги ҳудудидаги муссон ёмғирларига боғлиқ бўлган. Ёмғирли мавсум июнда бошланади ҳамда декабрга қадар давом этади, шу билан бирга, энг кўп ёмғирлар ёзги мавсум ҳиссасига тўғри келади. Қадимий мисрликлар экишга октябрда киришишган, бу вақтда дарёдаги сув сатҳи пасайган ҳамда лойқа билан қопланган ўтлоқ ерлар ўзини кўрсатган. Бироқ баъзи йилларда Нил водийга умуман тошмаган, бу эса ҳосилсизлик ва иқтисодиёт ҳамда сиёсатдаги жиддий ўзгаришларга олиб келган», - дейилади мақолада.

Олимларнинг аниқлашича, вулқон уйғонишлари пайтида ҳавода муаллақ қолган зарраларнинг кўп қисми Ер атмосферасига келиб тушади, ҳамда бу Нилда сув сатҳининг пасайишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Қуёш нурининг кўп қисми сайёранинг газ қобиғи туфайли коинотга қайтиб кетиши ҳисобга олинса, бу иссиқликнинг тақсимоти ва бутун Ер шари бўйлаб ёғингарчилик миқдорига таъсир кўрсатади.

Тарихий маълумотларга кўра, Нил тошиши юз берган даврлардан бири Птолемейлар авлоди ҳукмронлиги вақтига тўғри келган. Эрамиздан аввалги тахминан 44 йилда Ер шарининг турли бурчакларида кучли вулқон уйғонишлари кузатилган. Бу вақтда Мисрни Клеопатра бошқарган. Кул ва иссиқ газлар муссон циклига халақит берган, Нилдаги сув сатҳини пасайтирган ва жиддий очарчиликка олиб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид