Диққат, Моуриньо ўзи интиладиган уруш ҳолатига кириб олди
«Ливерпуль» билан дурангдан сўнг, Жозе Моуриньо ўзининг комфорт шароитига эга бўлиб олди. Қандай? Бутун дунё, балки унинг ярми португалиялик мутахассис бошқарувидаги ҳимоявий услубни қоралаган, бу айниқса, даҳшатли даражада ҳужумкор ўйин намойиш қилаётган «Манчестер Сити» фонида янада хунук ўриниб қолган, Моуриньо ўзини оқлаган, қандайдир исботларни тақдим этган, уёқда Клопп, ҳа, бу ёқда Конте билан қанақадир гап отишлар...
Орага гўёки мураббийга «ПСЖ» ёқиб қолгани, унинг Манчестерда узоқ вақт қолмоқчи эмаслиги ҳақидаги гаплар суқилди. Ҳа, кўп фикрлар контекстдан юлиб олинган, буни мураббийнинг ўзи ҳам айтди, аммо гапираётганда айнан қайси сўзлар юлиб олинишини, қайси фикрлар газеталарнинг муқовасига чиқиб кетишини билмайдими Моуриньо? Билади.
«Қизиқ, менинг жамоам яхши ҳимояланса ҳам бу худдики жиноятдек талқин қилиняпти» - деди у «Бенфика»га қарши машҳур 1:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин. Ҳа, Моуриньо уруш ҳолатида. Айни муддао.
Аксинча, август ойлари Моуриньо учун қандайдир ноқулайлик туғдирганди. Эсингизда бўлса, ҳа, балки эсингиздан ҳам чиққандир, «Манчестер Юнайтед» қаторасига 4:0 ҳисобидаги ғалабаларга эришди, турнир жадвалида пешқадам бўлиб олди. Кела солиб гол ура бошлаган Лукаку, марказнинг ҳокимига айланган Матич, захирадан тушиб доимо гол ураверган Марсиял ёки Рэшфорд. Бахтли Де Хеа. «Манчестер Юнайтед» ҳаммани ўзига қаратиб, ортидан эргаштирадиган бир бахтли оилани эслатарди.
Биласизми, бундай ҳолатда Моуриньо ишлай олмайди. Бу шароитда у ўзини сувга тушган балиқдек ҳис қила олмайди. У ҳамма учун эталон бўлишдан эмас, ҳаммага қарши курашдан завқ олади, кайф қилади. Йўқ, бу фақат кайф учун эмас, жамоасини руҳлантириш, бор куч билан ўйнашга чоғлаш учун ҳам у мана шундай факторларга эҳтиёж сезади.
«Мен Клоппнинг ўйин охирида ҳужумга зўр бериш учун, ярим ҳимоячиларидан бирини алмаштиришини кутдим. Уч ярим ҳимоячидан бири алмаштирилганда, бизда қарши ҳужум қилишда имконият бўларди ва мен Рэшфорд, Лингард орқали, ўйинда бурилиши ясашни режалаштиргандим. Аммо Клопп марказдаги учликка тегмади, шунинг учун биз иккинчи бўлимда ҳужум қила олмадик», деди Моуриньо «Энфилд»даги ўйиндан сўнг. Кўраяпсизми, Моуриньонинг ҳатто ўйинга қўядиган стратегияси ҳам рақибнинг қарорларидан келиб чиқади.
Мана шу жиҳатдан олиб қараганда, «МЮ»нинг Пеп Гвардиола жамоаси соясида экани, балки турнир жадвалида ҳам таъқибчи мақомига ўтиб олиши Моуриньонинг бундан кейинги ишини анча енгиллаштирадигандек. У энди йўлбошчи эмас, улар энди бахтли оила эмас, аниқроғи, бошқалар уларни бахтли деб билишмаяпти, демак ниманидир исботлаш керак. Унинг муваффақиятли жамоалари айнан шу мақомда бўлишган, эътибор берсангиз.
Лукаку, айтишларича, сен катта жамоаларга гол ура олмасмушсан, Погба, сенинг нархинг ўйинингдан кўра баланд экан ва ҳоказо, ҳоказо. Моуриньо доим Погбанинг нархини гапираверманглар, унга таъсир қилади деб гапираверганда, гапираверганда, аслида, атайлаб қилгандек, аслида, ўзи гапиравериб, гапиравериб, Погбани ҳам уруш ҳолатига олиб кирмоқчи бўлгандек, туюлади менга негадир.
Моуриньонинг Мадриддаги фаолияти унинг характерини очиб беради. «Барселона» каби уч бошли аждарҳони енгиш учун у «Реал» ичкарисида «ҳандақ» қазиди. Барчани бунга ишонтирди, Испания чемпионати жанг фронтига, эл класиколар эса қонли тўқнашувларга айланди. Кейинчалик, «Реал» қайсидир жангни ютди, чемпион ҳам бўлди. Энди, пешқадам сифатида, ҳеч кимга қарамасдан кучли жамоа тузишга келганда эса, муаммолар чиқди. Эсланг, Моуриньо сўнгги йилларда футболчиларининг «Барселона» вакиллари билан дўст бўлиб юрганликларини нотўғри деб, уларни айблай бошлаганди ҳатто. Айнан Касильяс, Рамос каби Испания терма жамоаси етакчиларининг эътирозига сабаб бўлгани ҳам шундан эди, тўғрими? Ниҳоят чемпион бўлган мадридлик футболчилар уруш ҳолатидан чиқишган, Моуриньо эса, бошқача шароитда ишлай олмасди.
Биласизми, бу нимани эслатади? Бир-бирини севган икки ёш масалан, фильмларда, висолга етишиш учун ҳар қандай қаршиликни мардонавор енгишади, ҳеч нарсадан қўрқишмайди ва ниҳоят тўй бўлади. Тўйдан кейин эса, ҳатто идишни ким ювиши масаласида ҳам жанжаллашиб қолишлари мумкин.
Атайлабми, йўқми, етарлими, етарсизми, ишқилиб, Моуриньо ўзи интиладиган уруш ҳолатига кириб олди. «Манчестер Юнайтед» мухлислари учун яхши томони шундаки, бундай вазият яратилиши учун жамоа очколарни йўқотишига тўғри келмади. Хўш, майдон аниқ, Гвардиола шу ерда, зерикканда салга ловиллайдиган Конте ва Клопп тайёр, уёғига жуда қизиқарли фильм бошланади, ишонаверинг. Аммо тўйдан кейинги «жанжаллар» ҳақида ривоятлар шунчалик кўпки, жамоа чемпионликка имкон қадар кейинроқ етиб боришини, яъни фильмнинг тугамаслигини истаб ҳам қоласиз беихтиёр. Тағин билмадим.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
15:52 / 21.11.2024
Рубен Аморим — Роналду унга қўйган лақаб, янги услуб ва «МЮ»да нималарни ўзгартирмоқчилиги ҳақида
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024