Жаҳон | 13:33 / 21.10.2017
57603
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёшлиги ўтган Собчакнинг қизи Россия президенти бўладими?

Фото: ТАСС

Санкт-Петербургнинг собиқ мэри ҳамда амалда Россия президентининг сиёсий устози Анатолий Собчакнинг ёшлиги Ўзбекистонда, яъни Қўқон ва Тошкент шаҳарларида ўтганди. Вақтлар ўтиб унинг қизи, телебошловчи Ксения Собчак келаси йил ўтиши режалаштирилаётган президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди.

Бу нимани англатади?

Бир қатор ғарб оммавий ахборот воситалари бундай кўринишдаги воқеа Кремль томонидан навбатдаги сайловни қонунийлаштириш учун «қадам» эканини таъкидламоқда. Ксениянинг видео мурожаатига эътибор қилинса, у бошқача мақсадни илгари сурганини айтади.

Фото: «Коммерсантъ»

Гап шундаки, у токи мустақил номзод Алексей Навальний яқинлашиб келаётган президентлик сайловида қатнашиши мумкинлиги эълон қилинмагунга қадар, олға боришини билдирган. Аммо, телебошловчи Россиянинг кейинги президенти бўлиш каби сиёсий иродани илгари сурмаяпти. Унинг мақсади - «барчага қарши» туриш, холос. Юксак демократик қадриятлар мавжуд жамиятда номзодларнинг биронтаси ҳам ёқмаса, сайловчининг «барчага қарши» овоз бериш ҳуқуқи таъминланади. Назарий жиҳатдан Россия сайлов тизимида мавжуд бўлмаган ана шу банд вазифасини Ксения Собчак ўтаб бериши мумкин.

Сайлов натижаси кутилмаганда ўзгариши мумкин

Фото: РИА "Новости"

Ўтган гал сайлов чоғида, 25 фоизга яқин киши амалдаги президентни ёқламагани ҳисобга олинса, бу сафар улар ва ана шуларнинг сафига қўшилишни ўйлаб турган сайловчилар Ксенияга овоз берса бўлади. Бу билан сайлов натижалари қай оқимга бурилиб кетишини тахмин қилиш қийин, аммо шуниси аниқки, Кремль ўзгача тактика танлашга мажбур бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид