Сурия ва Эрон армияси бош штаблари бошлиқлари, генераллар Али Аюб ва Муҳаммад Бокирий икки давлат қуролли кучлари ўртасида ўзаро ҳаракатлар ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақидаги меморандумни имзолашди. Бу ҳақда Суриянинг SANA ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ҳужжат "икки дўстона армиянинг ҳарбий тайёргарлик соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш, қуролли кучларнинг террорчиликка ва АҚШ-Исроилнинг Яқин Шарқдаги режаларига қарши жанговар қобилиятини ошириш учун жанговар тажриба, замонавий технологиялар ва разведка маълумотлари билан алмашиш"ни назарда тутади.
Эрон генерали Дамашққа ташрифи вақтида (18-21 октябрь) Сурия президенти Башар Асад томондан қабул қилинган. У Асадга Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Ҳаменеийнинг номасини етказган. Оятуллоҳ номада Сурия президенти ва унинг халқини террорчиликка қарши курашдаги ғалабалари билан муборакбод этган.












