"Ўзгидромет" маркази 24 октябрда Ўзбекистон бўйлаб тезлиги 12-17 метр/сонияни ташкил қилувчи шамол бўлишини прогноз қилмоқда. Бир ҳафта олдин Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида кузатилган кучли шамол вақтида шамол тезлиги 32 метр/сонияга етганди. Бу шамол вақтида турар жой ва маъмурий бинолар томларига, автомобилларга шикаст етди, пойтахтнинг баъзи ҳудудларида электр узатиш линиялари узилиб кетди, йўлларда тирбандликлар юзага келди.
Қуйида кучли шамол вақтида ўзингизни ва мулкингизни сақлашга ёрдам берувчи кўрсатмалар берилган.
Кучли шамол уйдалигингизда кузатилаётган бўлса
Биринчи навбатда, эшик, дераза, чордоқ ва вентиляция люкларини яхшилаб ёпиш керак. Деразалар олдида турманг, шамол ойнани синдириб, жароҳат олишингизга олиб келиши мумкин. Балкон ва дераза токчаларидан, ҳовлида ёки томдаги буюмларни олиб қўйинг. Олиб бўлмайдиган буюмларни маҳкамлаб қўйинг.
Электр асбобларини ўчиринг ва вилкаларини розеткадан чиқариб қўйинг, чунки шамол вақтида электр тармоқда кучланиш сакраши юз бериши, бу эса ёнғинга олиб келиши мумкин.
Уйдан чиқмасликка ҳаракат қилинг, болаларингизни уйда қаровсиз қолдирманг.
Шамол вақтида кўчада бўлсангиз нима қилиш керак?
Бирор ёпиқ жой топинг, бу метро станцияси, ертўлалар, туннеллар, ер ости ўтиш жойлари ёки мустаҳкам бино бўлиши мумкин.
Дарахтлар, реклама шитлари ёки омонат тўсиқлар остида турманг, улар кучли шамол вақтида қулаши мумкин.
Электр узатиш линиялари ёки шикастланган бинолардан узоқроқда туринг. Шифер, ойна ва бошқа буюмларнинг учаётган бўлакларидан ҳимояланинг. Бунда картон қутилари, фанер листлари, яъни топа олган исталган мос воситалардан фойдаланинг.
Очиқ жойда қандай ҳимояланиш керак?
Бунда асосий қоида баланд, айниқса якка турган дарахт остига яширинманг. Ўра, зовур ёки жарликда беркиниб, ерга ётиб олинг.
Очиқ жойда йўл четидаги ариқлар, темир йўл кўтармалари, жарлар шамол тўзғитган чиқинди, қум ва чангдан ҳимояланишга ёрдам беради.
Агар ёнингизди мобил қурилма бўлса, уни ўчириб қўйинг.















