Жамият | 08:16 / 24.10.2017
13077
3 дақиқада ўқилади

Тюнер орасига яширилган телефонлар

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Бирлашган Араб Амирликларидан учиб келган фуқаролар Маҳмуд ва Ботир Усмоновлар (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан кўп миқдордаги товар-моддий  бойликларнинг ноқонуний равишда олиб кирилишига чек қўйишди. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, Махмуд Усмонов йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб,  ноутбук, телевизор, проектр, Playstation ўйин қурилмаси, тюнер, планшет, электрон қўл соати, смарфтон каби жами 21 дона техника буюмларини божхона назоратидан четлаб, олиб киришга уринган экан. 

Бундан ташқари ушбу товарлар орасидаги 2 дона тюнерларни кўздан кечириш давомида, уларнинг ичига  5 турдаги 44 дона смартфонлар моҳирлик билан яширилганлиги фош бўлди. 

Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг хулосасига кўра, ашёвий далил тариқасида олинган юқоридаги товар-моддий бойликларнинг умумий баҳоси 233 миллион сўмдан ошар экан.

Айни шу рейс билан учиб келган Ботир Усмонов ҳам қинғир режаларини амалга оширолмади. Ушбу йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, тюнер, планшет, замонавий қўл соати, проектр ва ноутбуклардан иборат жами 17 та техника буюмларини ноқонуний равишда оилб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.


 
Қаранг-ки, ушбу шахс ҳам божхоначиларни чалғитиш мақсадида юқоридаги каби найрангни қўллади.  Яъни, 2 дона тюнерлар орасига 2 турдаги 15 дона уяли алоқа воситаларини моҳирлик билан яширган экан. 

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу шахсдан олиб қўйилган товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати эса 120 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республика Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” бандига мувофиқ жиноят ишлари қўзғатилди. 

Унга кўра, жуда кўп миқдордаги товар ёки бошқа қимматликларни божхона назоратидан яшириб ёхуд декларациясиз Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид