Ҳиндистон ҳукумати Хитой билан чегарада қўшимча 50 та пост қуриб, уларнинг сонини 176дан 226га қадар кўпайтирмоқчи. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Ражнатх Сингх (Ҳиндистонда чегарачилар ИИВ тизимига киради – таҳ.) Ҳиндистон-Хитой чегарасидан қайтиб келган ҳарбий хизматчилар олдида сўзлаган нутқида маълум қилди.

"Биз ўзимизнинг тезкор имкониятларимиз ҳамда моддий-техник базамизни кучайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Яқинда ҳукуматнинг 50та янги чегара постини қуриш бўйича таклифини олдик, ҳамда биз бунинг устида ишламоқдамиз", - дея Сингхнинг сўзларини келтиради Times of India газетаси.

Нашр маълумотларига кўра, Хитой билан чегарада (унинг масофаси 3488 км.ни ташкил этади) қўшимча тўртта батальон – 4 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар жойлаштирилади. Бу қарор ҳар бир пост назорат қилувчи чегара участкалари ўртасидаги масофасини қисқартириш, ҳамда ҳаракатлар мувофиқлигини яхшилашга қаратилган.