14:35 / 25.10.2017
70463

Шавкат Мирзиёев Анқарага етиб борди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга етиб борди. «Анадолу» агентлиги хабарига кўра, президент минган самолёт Анқарага қўнган.

Ўзбекистон президентини «Эсенбоға» аэропортида Туркия бош вазири ўринбосари Бекир Бўздоғ ва бошқа расмий шахслар кутиб олишган.

Аэропорт икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган. Ўзбекистон делегацияси шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида Анқарадаги президент қароргоҳида Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралар ўтказади.

Олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади, халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади. 

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Истанбул шаҳрига ҳам ташриф буюради. 

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Мавзу
Ўзбекистон - Туркия муносабатлари

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга борди

Барчаси
Top