Мавсум давомида барча мусобақаларда юздан ортиқ гол урадиган жамоалар Европада кўп бўлмайди, «Манчестер Сити» эса, октябрь ойи тугамасданоқ, 44 гол уриб бўлди. Жамоа қаторасига 11 ўйинда ғалаба қозонди, лигада таъқибчиларини 5 очко ортда қолдириб кетмоқда, Юрген Клопп уларни чемпион деб эълон қилди, Жозе тили билан зарба бераман деб қўшниларининг ожиз нуқтасини топа олмаяпти, Венгер эса, ҳозирдан Пеп Гвардиола шогирдлари мавсумни мағлубиятсиз якунлай оладиларми, йўқми, шу мавзуда гапириб ётибди.

Ростан ҳам Пепнинг «Манчестер Сити»си Англиядаги анъаналарни бузган ҳолда, муддатидан аввал берилган тахминларни рўёбга чиқаришга қодирми? Нафақат Англия майдонларида, балки Европада бугунги кунда энг чиройли ва сермаҳсул ўйин кўрсатаётган жамоага келажакда, Англия ва Европа майдонларида нима халақит бериши мумкин? Келинг, шу ҳақида гаплашамиз.      

ПАСАЙИШ ва ЖАРОҲАТЛАР

Пеп Гвардиоланинг ўзи ҳам жамоасининг мавсум охиригача худди шу темпда боришларига ишонмаяпти ва албатта, барча жамоа ва барча мавсумлардаги каби, «Сити» ўйинини ҳам бир муддат пасайишлар кутиб турган бўлиши мумкинлигини, қачондир улар ҳам мағлубиятга учрашлари мумкинлигини тан олди. Жумладан, «Наполи»га қарши ўйиннинг 2-бўлимида меҳмонларнинг ташаббусга эга бўлганларини испаниялик мутахассис шогирдларининг чарчаб қолгани билан изоҳлаганди.

Албатта, ҳафтада икки ўйин режимида тўп сурадиган жамоа бутун мавсум мана шундай ўйнаши қийин. Чемпионлар Лигаси ҳал қилувчи босқичлари ўртага кирадиган баҳор ойлари, балки ундан ҳам олдинроқ, декабрдаги зич тақвимда «Манчестер Сити» очко йўқотиши ва таъқибчиларига имкон бериб қўйиши мумкин. Очко захирасисиз эса, бугунги енгиллик, ишонч ва сеҳр йўқолади – бу хислатлар бугунги «Сити»нинг энг катта устунлиги бўлиб турибди.

Жезус, Сане ёки Стерлинг ҳар қанчалик фойдали бўлмасинлар, жамоа ўйини асосан уч футболчига, Кевин де Брюйне – мия, Серхио Агуэро – якунловчи ва Фернандиньога – юрак, боғлиқдир. Юқорида саналган ёш футболчилар билан муҳим ўйинларда ёки маълум масофада барқарор натижага эришиб бориш иложсиздек туюлади. Кевин Де Брюйне ва Агуэронинг эса, жароҳатларга мойил эканликларига аввалги мавсумларда гувоҳи бўлганмиз. Менимча, АПЛдаги ҳеч қайси клуб ўз футболчисига «Манчестер Сити» Де Брюйнега боғланганчалик муҳтож бўлмаса керак.    

ҲАДДАН ТАШҚАРИ УЗВИЙЛИК