Ўзбекистон | 16:15 / 28.10.2017
24405
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев янги йўл ўтказгични бориб кўрди

Фото: President.uz/Архив

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Кичик халқа йўли ва Фарғона йўли кўчалари кесишган жойда қурилган йўл ўтказгични бориб кўрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Илгари пойтахт марказидан Фарғона йўлига чиқиш ёки аксинча бу йўлдан марказга келиш учун транспорт воситалари ортиқча бир неча километр юришга мажбур бўларди. Давлат раҳбари 25 март куни бу ерда бўлиб, йўл ўтказгични реконструкция қилиш ва унинг бир қисмини янгидан қуриш бўйича топшириқлар берган эди. Яқинда ушбу кўприкнинг фойдаланишга топширилгани ҳайдовчиларга катта қулайлик яратди, ҳаракат хавфсизлигини таъминлади. 

Йўл ўтказгичнинг эни 30, узунлиги 346 метр бўлган қисми реконструкция қилинди. Эни 22, узунлиги 281 метр бўлган қисми янгидан барпо этилди. Икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилди. 

Президент ушбу йўл ўтказгич одамларга қанчалик манзур бўлгани, транспорт ҳаракати ва хавфсизлигига қандай таъсир кўрсатгани билан қизиқди. Бундай кўприкларни пойтахтнинг бошқа жойларида ҳам қуриш, бунда аввало, хавфсизлик талабларига риоя этиш зарурлигини таъкидлади. Кўприк атрофини ободонлаштириш, пойтахт қиёфасига мос замонавий бинолар қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида кўприксозлик бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди. 

Мавзуга оид