Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 октябрь куни хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги сифат даражасига кўтариш, хусусийлаштирилган тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиcи, Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. 

Мамлакатимизда хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда. Давлат органлари билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилган. Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаш бўйича ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирган аҳоли вакилларига ҳар томонлама кўмак бериш бўйича долзарб вазифалар белгиланган. 

Президентимиз вилоятларга ташриф чоғида хусусийлаштирилган корхоналар эгалари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани, корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослашган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилмаётгани, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга замонавий технологиялар жорий этмаётганини танқид қилди. 

Мамлакатимизда хусусийлаштирилган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда мунтазам таҳлил қилиб бориш, фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган. 

Бу борада илгари хусусийлаштирилган қарийб 40 минг объект ўрганилиб, уларнинг 3 минг 900 таси бўш тургани ёки тўлиқ ишлатилмаётгани аниқланган. Ушбу объектларнинг 2 700 таси фаолиятини қайта тиклаш ёки улар негизида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш бўйича лойиҳалар ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.