Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборида бўлди. Журналистлар ва экспертларнинг фикрича, мазкур давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга ва Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги принципиал ўзгаришлардан далолат беради. Давлат ташрифи давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани таъкидланган. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
ТРТ телеканали (trt.net.tr)нинг хабар беришича, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Тошкент ҳар томонлама стратегик аҳамиятга эга ҳамкор экани, аҳолиси 32 миллион бўлган Ўзбекистон табиий газ захираси бўйича дунёда еттинчи ўринда, уран захираси бўйича тўртинчи, пахта етиштириш бўйича олтинчи ва унинг экспорти бўйича иккинчи ўринда туришини таъкидлаган. Шунга қарамасдан, икки томонлама иқтисодий муносабатлар кўлами кутилган даражада эмас, 2016 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни, жорий йилнинг саккиз ойида эса 900 миллион долларни ташкил қилган.
Туркия президенти туркий ва ислом цивилизацияси икки қадимий ўчоғининг маданий яқинлашуви катта аҳамиятга эга эканини қайд этган. Икки давлат идоралари раҳбарларига ўзаро ҳамкорликни юксак даражада ривожлантириш вазифаси топширилгани, Ўзбекистон ҳам яқинлашув учун худди шундай қатъият кўрсатаётганидан мамнун экани, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий институтларининг самарали фаолият юритишига ишонишини таъкидлаган.
Марказий Осиёнинг ca-news.org янгиликлар хизмати Туркия Президентининг давлат раҳбарлари даражасидаги учрашуви 20 йиллик танаффусдан сўнг ташкил этилгани, шу боис ташриф жуда муҳим аҳамиятга эгалиги, делегациялар ўртасидаги музокаралардан аввал Шавкат Мирзиёев билан тор доирада мулоқот қилингани ва у жуда самарали бўлгани ҳақидаги сўзларни келтирган.
Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувда музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар эса икки мамлакат ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
"Миллиет" (milliyet.com.tr) номли турк нашри Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Анқара ва Тошкент ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этган.
«Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимини бажаришга қарийб бир йил олдин киришди. Халқаро кузатувчилар хулосасига кўра, Ўзбекистон сўнгги 10 йил давомида Марказий Осиё ҳамда Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган давлатига айланади, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти шиддатли суръатларда ўсади», деди Туркиянинг Каппадокия университети ўқитувчиси, профессор Ҳасан Али Қарасар "Анадўлу" агентлигига берган интервьюсида.
















