30 октябрь куни «Эспаньол»-«Бетис» (1:0) ҳамда «Лас-Пальмас» - «Депортиво» (1:3) учрашуви орқали Испания чемпионатининг 10-тур учрашувлари якунланди. «Трибуна» тур якунларини сарҳисоб қилади.

Испания пойтахтида - 8

«Реал»нинг Жиронага, Каталониядаги воқеалар марказига келиши билан боғлиқ барча тревогалар бўрттирилган бўлиб чиқди. Испания нашрларининг хавотирлари ўринсиз бўлди ва Жиронада ҳеч нарса рўй бермади.

Барча воқеалар майдонда бўлиб ўтди. Майдонда сиёсатдан холи воқеалар кечди. Мадриднинг бошқа бир жамоаси «Атлетико»дан очко тортиб олган «Жирона» ўз деворлари орасида янада матонатлироқ бўлиб чиқди. Бу сафар улар ўз бўйидан бир бош баланд сакрашди. «Қаймоқранглилар»да барчаси жойида кўринаётганди, биринчи бўлимда Иско қарши ҳужумни гол билан якунлади ва жамоалар танаффусга 1:0 ҳисобидаги устунлик билан йўл олишди.

Ўйиннинг иккинчи қисми эса майдон эгалари сценарийси остида кечди. Стуани ва Порту 4 дақиқа ичида Касильи дарвозасига 2 марта тўп жойлашди.

Зидан ютқазишни истамаганди. У 3 ҳимоячили схемага ўтди, қанотлардан Марсело ва Ашраф Ҳакимини олиб, Васкес ва Асенсиони майдонга ташлади. Аммо ўйиннинг қолган дақиқаларида «Жирона» деворга айланди ва мавсумдаги иккинчи ғалабасига эришиш учун уни ҳимоя қилди. Яқиндагина мустақиллик эълон қилган Каталония Республикаси ўзининг илк катта муваффақиятини нишонлади.

«Реал» 1990 йилдан буён илк марта дебютантга қарши учрашувни бой берди. Роналду ва Бензема яна голсиз майдонни тарк этди.

Бир кун илгари Бильбаода ўз ўйинида ғалаба қозонган «Барселона» турнир жадвалида «қаймоқранглилар»дан 8 очко олдинга ўтиб кетди. Ҳали қишгача узоқ, аммо Мадридга октябрдаёқ қиш келди, дераза ортида - 8 даража.

Вальверденинг қайтиши

Бильбаода 12 мавсум ўтказган (6 мавсумни футболчи сифатида ва яна 6 мавсумни «Атлетик» бош мураббийи сифатида, у 2003-05 ва 2013-17 йилларда жамоани бошқарган) Эрнесто Вальверде қадрдон шаҳарга қайтди. Қизиқ жиҳати шуки, у «Сан Мамес»да мураббий сифатидаги илк ўйинини айнан «Барселона»га қарши ўтказганди.