Бугун, 1 ноябрь оқшомида ЕЧЛ гуруҳ босқичида 4-тур учрашувлари давом эттирилади. Икки ҳафта олдин ҳам ўзаро ўйнаган жамоалар иккинчи даврада яна бир-бирларига рақиб ва энди ўтган турда мағлуб бўлган жамоаларда реванш олиш имконияти мавжуд. «Трибуна» чоршанба оқшомидаги асосий учрашувлар анонсини келтиради.

«Реал»нинг афсонавий «Уэмбли»га ташрифи қандай кечади?

H гуруҳи
ТОТТЕНҲЭМ – РЕАЛ
Лондон. «Уэмбли» стадиони. 00.45 (Матч! Футбол 1).

БОРУССИЯ – АПОЭЛ
Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони. 00.45 (Матч! Игра).

H квартетида инглизлар ва испанлар «Боруссия» ва АПОЭЛни 6 очкога ортда қолдирган ҳолда ишонч билан етакчилик қилишмоқда. Бу эса бугунги учрашув ғолибини ўз-ўзидан 1/8 финал иштирокчисига айлантиради. Ўйин олдидан имкониятлар тенг, аммо статистик рақамлар «шпорлар»га қарши – жамоалар шу вақтгача 5 марта учрашган, «Тоттенҳэм» бирон марта ғалаба қозона олмаган (3 мағлубият, 2 дуранг), Рафаэль Вараннинг ўтган ўйиндаги автоголи лондонликлар жамоасининг «Реал»га қарши ўйинлардаги 450 дақиқа давомида урган ягона голи бўлиб турибди.

Жамоалар тенг кетмоқда, улар рақибларини бир хил ҳисобларда енгишган (АПОЭЛга қарши ўйинлар 3:0, «Боруссия»га қарши ўйинлар эса 3:1 ҳисобларида якунланган). Натижада, жамоаларда тўплар нисбати ҳам бир хил (ўзаро учрашувда 1:1 ҳисоби). Улар ички чемпионатлардаги охирги учрашувларда мағлубиятга учрагани билан ҳам ўхшаш: «Тоттенҳэм» якшанба куни «МЮ»га қарши сафар ўйинида ютқазди (0:1), «Реал» – «Жирона» майдонидан мағлубият билан қайтди (1:2). Деле Аллининг ЕЧЛдаги 3 ўйиндан иборат дисквалификацияси якунланган, Манчестердаги ўйинни жароҳат туфайли ўтказиб юборган Ҳарри Кейн ҳам сафга қайтди. Бу эса бугун ҳақиқий футбол байрами ўтказилиши учун етарли шароит яратади. Атмосфера шунга мос: афсонавий «Реал» 115 йиллик тарихида илк марта афсонавий «Уэмбли»да майдонга тушади.

Зидан бу ўйинга Гарет Бэйл, Рафаэл Варан ва Кейлор Навасни олиб кетмади. Уларнинг барчаси жароҳатланган.