Сўнгги пайтларда Ўзбекистон - Туркия муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарларининг қисқа вақт ичида аввал Самарқандда, кейин эса Анқарада бевосита учрашганлари ва муҳим масалаларни ўзаро ҳал қилишгани, Туркия Жумҳурияти президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Биринчи президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириб, мақбарасини зиёрат қилганининг ўзи бу борада катта қадамлар ташланаётганидан далолатдир. Хўш, бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик бизга қандай фойда келтириши мумкин? Бу саволга сиёсатчи ёки иқтисодчи эмас, оддий фуқаро дунёқараши билан жавоб излаб кўрайлик.
Аввало, Туркия тўғрисида умумий тасаввурга эга бўлсак. 80 миллион аҳолиси билан дунёда 18-ўринни, 783.562 км² майдони билан дунёда 36-ўринни эгаллаб турган бу давлат тўрт (Қора, Ўртаер, Мармар ва Эгей) денгиз билан ўралган. Ҳудудининг 97 фоизи Осиёда, 3 фоизи Европада жойлашган бўлса-да, аҳолисининг 20 фоизи айнан Европа ҳудудида яшайди. Жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган ва бу ўринни тобора мустаҳкамлаб бораётган Туркия жумҳурияти билан муносабатлар бизга нималар бериши мумкин деган масалага турли соҳалар кесимида нигоҳ ташлаш мақсадга мувофиқ.
Сиёсат
Мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва эндигина ўзлигини англаётган ватанимизга кўп жиҳатдан кўмак берган Туркия жумҳурияти улкан империя шаклидаги ўзининг кўҳна тарихи, таҳликали онларда давлат бошқаруви тизимининг кескин ўзгариши ортидан мамлакат сифатида сақланиб қолиши, узоқ давом этган зиддиятлар ва нотинч қўшнилар билан ўзаро муносабатлар силсиласида қатъиятли сиёсий иродага эришган. Қитъалар ўртасидаги кўприкдек бўлган денгизлар қуршовидаги ҳудуд ҳар жиҳатдан муҳим роль ўйнагани боис энг йирик давлатлар ҳам жумҳурият билан ҳисоблашиб келишганини, ўзларининг муносиб ҳамкорлари ўрнида кўришга уринганларини эътироф этиш лозим. Ҳарбий салоҳият жиҳатидан ҳам Туркия дунёнинг етакчилари қаторида туради ва атрофдаги қуролли зиддиятларда ҳамиша ўз сўзини айтиб келади. Шунингдек гуманитар соҳадаги бағрикенглиги ҳам ортиқча исбот талаб қилмайди: Евроиттифоқ ўз сафидаги шунча давлатлар ва иқтисодий қудрати билан Яқин Шарқнинг қон тўкилаётган ҳудудларидан борган 500 мингга яқин қочқинларни қабул қилгани ҳолда, биргина Туркия ҳудудининг ўзидан 3 миллиондан ортиқ жабрдийдалар паноҳ топганини қайд этмоқ кифоя.
Бундан ташқари конституцион тузумни ағдаришга қаратилган қатор ҳаракатларга қарамай Туркия халқининг жипслиги ва оғир онларда ўз жонини аямасликка тайёр турганлиги ҳам яхши ўрнак олишга арзийди.



















