Спорт | 16:50 / 06.11.2017
12867
10 дақиқада ўқилади

«Манчестер» - «Лондон» - 1:1. АПЛда тур якунлари

Англияда шиддатли баҳсларга бой кечган яна бир тур якунланди. 11 турда мухлислар бирданига иккита катта ўйинга гувоҳ бўлишди. Аввалига «Манчестер Сити» Лондоннинг «Арсенал» жамоасини қабул қилиб, ғалабага эришган бўлса, Манчестернинг бошқа жамоаси Лондонда «Челси» меҳмони бўлиб мағлубиятга учради. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларига назар ташлайди.

ВЕНГЕР ҲАКАМЛАРДАН НОРОЗИ

«Мен кўрган воқеаларни сиз ҳам кўрдингиз. Офсайдлардан урилган голлар шоуси. Мен рақибнинг савиясига шубҳа қилмайман, аммо ўша нотўғри гол биз эндиина ҳисобни қисқартириб, ўйинда бурилиш ясашга уринаётган палламизда урилди. Ўтган мавсумда ҳам биз бу стадионда офсайддан икки гол ўтказиб юборгандик» – деди «Арсенал» мураббийи Арсен Венгер. Мураббий шунингдек, жамоаси дарвозасига белгиланган пенальти ҳам ноҳақ бўлганини таъкидлади.

Венгерни тушунса бўлади, ростан ҳам Жезус томонидан гол урилган вазиятда унга тўпни узатган Давид Сильва яққол офсайдда қолган эди. Ҳатто «Арсенал»нинг баъзи ҳимоячилари тўп учун курашдан ҳам чиқиб кетганди. Бу вазият эса, айнан Ляказет ҳисобни қисқартирган, Венгер ҳужумга эътибор қаратиб, Жиру ва Уилширни майдонга туширишга тайёрланаётган паллада рўй берди. Айнан шу учинчи гол ўйинга нуқта қўйди, деб айтиш мумкин.

Пенальтининг баҳсли бўлгани ҳақида ҳам фикрлар кўп янгради. Аммо тан олиш керак, мезбонлар «Арсенал»га нисбатан анча кучли ўйин намойиш қилишди ва ўша вазиятларсиз ҳам керак бўлганда гол ура олишлари сезилиб турганди. Бундан ташқари, биринчи бўлимдаги бир вазиятга эътибор қаратиш мумкин – «Арсенал» ҳимоячилари тўпни очиқ дарвозага киритиш имкониятига эга бўлган Стерлингга қарши бироз қўпол ҳаракат қилишган, аммо ҳакам бу вазиятни эътибордан четда қолдирганди.

МУХЛИСЛАР САНЧЕСДАН НОРОЗИ

Арсен Венгер ҳакамлардан ташқари ўз футболчисидан ҳам норози бўлгани табиий. Ляказет, Жиру каби футболчилар захирада қолдирилиб, ҳужум чизиғи Алексис Санчеснинг фаоллига ишониб топширилганди. Аммо мухлисларнинг танқидларида жон бор – айнан фаоллик бобида чилилик ҳужумчи кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди.

Санчес ўйин давомида атиги 9.6 км югурди, бу лондонликлар дарвозабони Питер Чехникидан атиги 4.8 км кўп холос. У бу кўрсаткич бўйича ўша куни майдонда ҳаракат қилган футболчилар ичида энг паст натижани қайд этди. Ҳатто доимо дангасаликда ва кам югуришда айбланадиган Месут Ўзил Санчесдан салкам 1.6 км кўп югурган. Аарон Рэмзи эса, жамоадошидан салкам 3 километр кўпроқ югургани маълум бўлди.

 

«ЧЕЛСИ»НИ ҒОЛИБ ҚИЛГАН 3 ЖИҲАТ

Кантенинг қайтиши

Бир ойлик танаффусдан сўнг, франциялик ярим ҳимоячи яна майдонга қайтди. Айнан унинг сафда бўлиши учрашувнинг энг яхшилари қаторида тилга олинган Сеск Фабрегас ва Темуэ Бакойоконинг эркинроқ ҳаракат қилишларига замин яратди. Бу футболчиларнинг ҳужум чизиғида фаол бўлишлари оқибатида, асосан Азарни қўриқлаш билан шуғулланган «МЮ» ҳимоясида мувозанат бузилишини таъминлади. Бунинг натижасида бу икки ярим ҳимоячи биргаликда жуда кўп хавфли вазиятлар яратишди.

Эррера ҳар доим Эррера эмас

Испаниялик ярим ҳимоячининг катта ўйинларда рақибнинг асосий футболчиси билан персонал ўйнашини яхши биламиз ва кўпинча бу тактика иш берган. Жумладан, жамоаларнинг апрелда «Олд Траффорд»даги ўйинини эслаш мумкин. Шу билан бирга, Англия кубоги чорак финалида Азарнинг қўли баланд келган ва Андер биринчи бўлимдаёқ қизил карточка олганди. Ушбу мавсумда ҳам Эррера Коутиньо, Эриксен каби рақиб етакчиларини ўйиндан чиқаришнинг уддасидан чиқди. Аммо бу сафар унинг куни бўлмади. Юқорида айтилганидек, Сеск ва Бакойоконинг ҳам ҳужумда фаоллиги эвазига, Эррера кўп вазиятларда ўз вазифасини уддалай олмади. 

Мхитарян йўқолиб қолди

Генрих мавсумни жуда яхши бошлаб, дастлабки 3 турда беш голли узатмани амалга оширганда, «МЮ»нинг «ўнлиги» ҳақида саволлар камида бир-икки йилга ёпилганини кўпчилик тахмин қилгани эҳтимол. Аммо кейинги ўйинларда арманистонлик ярим ҳимоячининг иши юришмаяпти. Кейинги 8 ўйинда фақат 1 гол муаллифи бўлди холос. Хусусан «Стемфорд»даги ўйинда ҳам футболчи бутунлай йўқолиб қолди ва мураббий томонидан 61-дақиқадаёқ алмаштириб юборилди. Назаримизда, Погбанинг қайтиши бу масалага узил-кесил нуқта қўйса керак: Ёки Мхитарян ўрнини бутунлай Погбага бўшатиб беради ёки Погбанинг ёнида футболчи эски спорт формасига қайтади. Ахир, айнан Погбанинг жароҳатидан сўнг, Мхитарян ўйинида пасайиш бошланганига эътибор қаратиш керак. 

ТОП МУРАББИЙ

Жозе Моуриньонинг катта ўйинлар учун жуда яхши тайёргарлик кўра олиши ҳақида жуда кўп «ривоятлар» айтилади. Аммо агар сўнгги йилларга эътибор қаратсак, бу ҳолат бутунлай тескари кўриниш олаётганини кузатиш мумкин.  Айниқса, сафар ўйинларга португалиялик мутахассис ўта прагматик ёндашмоқда ва 0:0 ҳисобига ҳаракат қилаётганини сездириб қўймоқда.

«Манчестер Юнайтед»ни бошқаргандан бери Моуриньо сафарда 8 (7та АПЛда ва 1 кубок ўйини) марта мана шундай топ учрашув ўтказди. Натижаларга эътибор беринг: 0:0, 0:4, 0:1, 0:0, 0:2, 1:2, 0:0, 0:1. Яъни «МЮ» сафардаги топ ўйинларда атиги 1 гол урди, у ҳам бўлса, «Тоттенҳэм» майдонида, ҳисоб 0:2 бўлиб турган пайтда киритилган кераксиз гол эди холос. Журналистлар мураббийнинг «Челси»даги сўнгги сафар ўйинларига ҳам эътибор қаратдилар. У ерда ҳам аҳвол чатоқ – сўнгги уч ўйинда гол урилмаган.

Эсингизда бўлса, 2015 йилнинг январида, ўша пайтда турнир жадвалини бошқариб турган Моуриньо қўл остидаги «Челси» «Тоттенҳэм»га сафар қилганди. Ҳар икки жамоа ҳимояни унутиб, жуда ҳужумкор ўйин кўрсатишган ва якунда мезбонлар 5:3 ҳисобида зафар қучганди. Ўша ўйин Моуриньога дарс бўлиб қолгандир балки, шундан буён унинг жамоалари топ жамоаларга қарши сафарларга гол уришни ўйламай ташриф буюра бошлаган. 11 ўйинда 6 мағлубият, 5 дуранг ва атиги 1 гол урилган.   

ПРИМЕРА ЛИГА

Де Хеа – Аспиликуета, Монреал, Алонсо, Баллерин – Эррера, Фабрегас, Силва – Мата, Педро, Мората.

Бу якшанба куни АПЛда ўзаро куч синашган топ-жамоалардаги испан футболчиларидан тузилган рамзий таркибдир. Булар ичида Педро ва Мата майдонга тушмади, аммо уларнинг ҳам ўз жамоаларида деярли асосий таркиб ўйинчилари эканини эътиборга олсак, жуда кўпдир.

Инглизлардан иборат шундай таркиб тузишга уриндик, аммо бундай футболчилар сони бир таркибга етмади. Шу тариқа дунёнинг энг қиммат ва кучли лигаси Испания терма жамоаси учун номзодлар етиштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этиш мумкин. Зеро, бундан ўн беш йиллар олдин Англияда испан футболчисини тасаввур қилиш ҳам қийин эди. 

УОТФОРД ПЛЮС

«Уотфорд»нинг ўйинларини кузатиб юрган мухлис учун Ливерпулдаги триллер одатий ҳолдек кўриниши турган гап. Маркус Сильва шогирдлари бунгача 4 ўйинда охирги дақиқалардаги голлар ҳисобига очко олишга (икки дуранг, икки ғалаба) муваффақ бўлишганди.

Бу сафар эса, 2 тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олган «Уотфорд» якунда мағлубиятга учради. Ҳал қилувчи сўнгги гол эса, Бейнснинг пенальтидан берган зарбасидан сўнг амалга ошди. Шу ҳолатда ҳам, меҳмонлар жамоаси сўнгги дақиқалар айнан «Уотфорд»га тегишли эканини кўрсатиб қўйиш имкониятига эга бўлгандилар. Аммо 90+4 дақиқада белгиланган пенальтини Том Клеверли амалга ошира олмади. Ҳа, ўша, «Арсенал» дарвозасига сўнгги дақиқаларда ғалаба голини урган, ўша ўтган йилни «Эвертон» таркибида ўтказган Том Клеверли...

«БЁРНЛИ» ЎТ ҚЎЙИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

«Бёрн» инглизчада «ёқмоқ», «ўт қўймоқ» маъноларини англатади. Шон Дайч жамоасининг ушбу мавсумдаги иштироки бу ном бекорга танланмаганини исботлаётгандек гўё.

Шанба куни ўтказилган 5 ўйиннинг 4тасида меҳмонларнинг қўли баланд келди. Айниқса, «Бёрнли»нинг навбатдаги ғалабасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Жамоа бу йил сафарда қўлга киритган очколари сонини 11тага етказди. АПЛда фақат «Манчестер Сити», «Тоттенҳэм» ва «Челси» клублари сафарда яхшироқ ўйнашган холос.

ТУР ИҚТИБОСИ:

«Биз сўнгги трансфер даричасида Гулфи Сигурдссонни йўқотдик, айтишим мумкинки, у бизнинг энг яхши ўйинчимиз эди. Фернандо Льоренте «тақачи»лар сафига қўшилди. Биз эса, бу икки футболчининг ўрнига икки йилдан бери футбол ўйнамаётган Уилфрид Бони олдик. Яна қанақа натижа кутиш мумкин?»

(Radio 5 даги футбол дастурига телефон қилган 10 ёшли “Суонси” мухлиси)

Турнир жадвали

Мавзуга оид