Жанубий Кореяга ишлашга кетишга доир тартиб тубдан ўзгарди
Меҳнат фаолиятини юритиш учун Жанубий Кореяга кетиш тартиби тубдан ўзгарди. Бу ҳақида 6 ноябрь куни "Комплекс тест маркази" очилишидан аввал бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Миграция бўлими бошлиғи Мирзаюсуф Азизов берган маълумотга асосланиб, KUN.UZ мухбири хабар берди.
Яқин кунларда Комплекс тест марказининг очилиши Корея Республикасида ишлаш ниятида бўлган ўзбекистонликлар учун муайян қулайликлар яратади.
Жанубий Кореяда ишлашга йўл олиш учун EPS-TOPIC малакавий имтиҳонларидан ўтиш зарурлиги кўпчиликка маълум. Бунинг учун эса энг аввало корейс тилини билиш талаб қилинади. Корейс тилида ўқиш ва мулоқот қила олишига ишонган фуқаролар ўз билимларини айнан шу Комплекс тест марказида синовдан ўтказилади. Дарвоқе, Кореяда ишлашга даъвогарларга қўйиладиган талаблар: 18-39 ёшдаги, аввал судланмаган, Кореядан депортация қилинмаган, корейс тилида сўзлаша олувчи Ўзбекистон фуқаролари.
Таъкидлаш жоизки, фуқаролар Комплекс тест марказининг тест режимида ишга тушган www.ckt.uz сайтида рўйхатдан ўтказилади. Корейс тилидан тест топширувчи фуқаролар имтиҳон санасини ўзлари белгилашади. Шундан сўнг Комплекс тест марказига бориб, шартнома имзолашади, тўловни амалга оширгач, имтиҳон топшириш жойи белгилаб берилади.
Тест саволлари уч институт томонидан тузилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади. Тестдан ўтиш учун имтиҳон ўтадиган жойга 1 соат аввал келиш талаб қилинади. Тестларни 40 дақиқада топшириш керак бўлади.
Шуниси диққатга сазоворки, тест саволларига жавоб бериш жараёнини эртароқ тугатган кишиларнинг балли юқорироқ бўлади, яъни дейлик икки киши бир хил балл олган: бири тест саволларига эртароқ, иккинчиси эса ўз вақтида жавоб берди, шунда саволларга эртароқ ва тўғри жавоб берган кишининг балли юқори бўлади.
Диққат! Тест синовлари ўтаётган вақтда ҳеч қандай электрон воситалардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Шу билан бирга, бировнинг ўрнига биров киришига ҳам йўл қўйилмайди. Бутун жараён кузатув камерасига муҳрланади.
Тест натижаларидан норози бўлган фуқаролар 20 кун ичида аппеляцияга бериш ҳуқуқига эга. Балл етмаган тақдирда, 1 ойдан кейин қайтадан тест топшириш мумкин бўлади.
Тўловлар ҳақида маълумот:
1. Комплекс тест марказига - 87 500 сўм;
2. Кореяга - 24 АҚШ доллари+қўшимча қиймат солиқлари.
Мавзуга оид
20:54 / 19.11.2024
Испания ҳар йили 300 минг мигрантни қонунийлаштириш ниятида
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
18:08 / 18.11.2024
Россия Давлат Думаси ҳукуматдан миграция параметрларини белгилашни сўради
17:29 / 18.11.2024