Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва бюджетга молиявий тушумларни ошириш кўпинча мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни (кейинги ўринларда мева-сабзавот маҳсулотлари деб юритилади) маҳаллий экспорт қилувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилганлигига боғлиқ бўлади.
Замонавий бозор механизмларини жорий этиш ва қатор товарларни экспорт қилиш тартибини соддалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигига қарамасдан, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хўжалик юритувчи субъектларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиши тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, жисмоний шахслар томонидан уларнинг ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш назарда тутилди.
Хусусан, бугунги кунда экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг 90 фоизидан ортиғи кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан ёрдамчи хўжаликларда, шу жумладан томорқа участкаларида етиштирилмоқда. Мазкур ишлаб чиқарувчилар чет эл харидорлари билан шартномалар тузиш ва рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиши лозимлиги сабабли маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга эмас. Шуни ҳисобга олган ҳолда, давлат раҳбарининг қарори билан тадбиркорлик субъектларига экспорт контракти тузмасдан уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди, бу халқаро амалиётга мувофиқдир.
Қарор билан божхона органлари томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативини ҳисобга олиш тартиби мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бошқа муаммоли масала ўз ечимини топди. Ҳисобга олинмаган табиий йўқотиш асоссиз дебитор қарздорлик юзага келишига, тегишлича, келиб тушмаган валюта маблағларининг 70 фоизига қадар миқдорда жарима қўлланилишига олиб келган. Бундан келиб чиққан ҳолда, қисқа муддатда экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативлари, шунингдек, уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартибини белгилаш топширилди.
Кейинчалик экспорт қилиш учун фуқаролардан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча қулай шарт-шароитлар назарда тутилди. Хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар келгусида жисмоний шахслар томонидан маҳсулотларнинг етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилмасдан қўлланилиши белгиланмоқда. Агар экспорт қилувчида олдин амалга оширилган экспортга етказиб бериш бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлса, фақат муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйган чет эл харидорига товарларни чиқариш рухсат этилмайди.














