Жаҳон | 16:50 / 08.11.2017
9511
2 дақиқада ўқилади

Трамп ташрифи давомида АҚШ ва Хитой 9 млрд. долларлик битимлар тузди

Фото: Reuters

АҚШ ва Хитой компаниялари Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг Хитойга амалга оширган ташрифи чоғида умумий қиймати 9 миллиард доллар бўлган қатор битимларни имзолашди, дея хабар қилмоқда Франс Пресс агентлиги.

Айни пайтда икки мамлакат вакиллари 19 та имзоланган ҳужжатлар ҳақида хабар беришган. Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазирининг ўринбосари Ванг Яннинг сўзларига кўра, келишувлар Трамп ва ХХР раиси Си Цзиньпиннинг режалаштирилаётган учрашувида имзоланажак йирик битимлардан аввал шунчаки “чигилларни ёзиш” бўлган. Икки давлат етакчиси ўртасида табиий газ ва соя экспорти бўйича ҳам катта битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Трампнинг Хитойга сафари мақсадларидан бири ХХР ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги савдо алоқаларини яхшилашдир. «Хитой билан савдо-сотиқдаги мувозанатни тиклаш президент Трамп ва раиси Си Цзиньпин ўртасидаги қўшма музокараларнинг асосий мавзуси саналади», - дея айтиб ўтди АҚШ савдо вазири Уилбур Росс агентликка.

«Иқтисодий битимлар бизнинг икки томонлама муносабатларимизнинг муҳим қатламидир», - дея маълум қилди Ванг Ян. Унинг қўшимча қилишича, келишувлар уларни барқарорлаштиришга ёрдам беради.

Трампнинг Хитойга ташрифи 10 ноябрга қадар давом этади. Кутилишича, музокараларда икки томонлама савдодан ташқари, Корея ярим ороли муаммоси ҳам асосий мавзуга айланади.

Мавзуга оид