Ўзбекистон | 09:40 / 10.11.2017
87973
3 дақиқада ўқилади

Президент Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғини кескин танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида вилоят ички ишлар органларида ишларнинг қониқарсизлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаси жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олишдан иборат. Лекин уларнинг ўзлари томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилса, буни қандай изоҳлаш мумкин? 

Жорий йилнинг ўтган даврида 42 нафар ички ишлар ходими томонидан 25 та жиноят содир этилган. Уларнинг 10 таси мансабни суиистеъмол қилиш, 7 таси пора олиш билан боғлиқ жиноятлар содир этган. Бундай ички ишлар ходимларининг 9 нафари вилоят миқёсидаги ходимлар экани айниқса ачинарлидир. 

Вилоятда ҳар йили ички ишлар ходимлари томонидан ўртача 40 тага яқин жиноят содир этилмоқда. Бу кўрсаткич юқори даражада қолаётгани ва бу йўналишдаги профилактик тадбирларнинг самарасизлиги бизни жиддий ташвишлантирмоқда. 

Табиий бир савол туғилади: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Файзулло Қувондиқов бундай ҳолатни қандай изоҳлайди? Ёки у узоқ муддат бу лавозимда ишлаб чарчаб қолдими? Агар чарчамаган бўлса, ишида натижа бўлиши керак. Натижа эса йўқ. Буям ҳақиқат. 

Бундай нохуш ҳолатга Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти алоҳида, такрор айтаман, алоҳида эътибор қаратиши шарт. 

Ички ишлар ходими халқимизга намуна, ўрнак кўрсатадиган, керак бўлса, эл-юрт учун фидойи инсон бўлиши керак. Чунки ички ишлар ходимига ишониб, халқимиз кечаси уйида тинч ухлайди, кундузи иш жойида самарали меҳнат қилади. 

Бундан буён ички ишлар тизимида кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала қатъий назоратга олиниши зарур. 

Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов бир ҳафта муддатда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси фаолиятини ҳар томонлама танқидий кўриб чиқсин. 

Вилоят раҳбарларининг ушбу соҳада амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботларини тинглашни ташкил этсин. Бошқарма бошлиғи Файзулло Қувондиқов эгаллаб турган лавозимига лойиқми ёки лойиқ эмасми – шу масала бўйича таклиф киритсин. 

Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда, бир ҳафта муддатда ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига чек қўйиш ва шахсий таркиб ўртасида маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириб, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин”, - деди давлат раҳбари. 

Мавзуга оид