Ўзбекистон | 08:50 / 10.11.2017
13661
3 дақиқада ўқилади

Президент: Самарқандда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида камчиликлар кўп

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида минтақада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳақида ҳам тўхталди.

“Албатта, қишлоқ жойларда 43 та оилавий поликлиника, шаҳар ва туманларда 47 та ихтисослаштирилган бўлим ташкил этилиб, аҳолига яшаш жойининг ўзида ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани – катта янгилик, ишимиздаги катта силжишдир, десак, тўғри бўлади. Жорий йилда шифокорлар етишмайдиган туман тиббиёт бирлашмаларига 284 та умумий амалиёт врачи ва 90 та аниқ ихтисослик врачи ишга қабул қилинди. Мамлакатимиз тиббиёт тизими учун янгилик бўлган патронаж ҳамширалари сони 33 фоизга кўпайиб, аҳолини патронаж тизими билан қамраб олиш кенгайди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ходимлари вилоятга юборилиб, улар томонидан 6 минг 200 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 90 та ёки ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўп юқори технологик операциялар амалга оширилди. Тез тиббий ёрдам шохобчалари қўшимча 100 та автомобиль билан таъминланди, уларнинг дори воситалари билан таъминланиши ўртача 2-3 баробар оширилди. 

Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Лекин бу ишлар ҳали фақат биринчи қадамлар, холос. Бу масалада бизни фақат рақамлар эмас, балки одамлар ҳаётидаги ўзгариш, сифат ўзгариши қизиқтиради. Шу маънода, очиқ айтаман, вилоятда бу соҳада камчиликлар кўп. Мисол учун, жорий йилнинг 9 ойи давомида гўдаклар ўлими ўтган йилга нисбатан 17 тага ошиб, 435 тани ташкил этган. Оналар ўлими ҳам 16 фоизга кўпайган. 

Вилоятда онкологик касалликлар билан ҳисобга олинган беморларнинг 62 фоизи касалликнинг учинчи ва тўртинчи босқичларида, яъни, жуда кеч аниқланган. Шифокорлар томонидан профилактика кўрикларига ва онкологик касалликлардан огоҳлантиришга етарли эътибор қаратилмагани, бепарволикка йўл қўйилаётгани бундай ҳолатларга асосий сабаб бўлмоқда. Вилоятда бугунги кунда 681 та врачлик ўрни бўш турибди. Айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида 384 та шифокор ўрни бўш. Бу муаммони ҳал қилиш учун Самарқанд тиббиёт институтига ва бошқа тиббиёт институтларига қўшимча ўринлар ажратилган бўлса-да, вазият ижобий томонга ўзгармаяпти. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан бирга, бир ой муддатда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширсин”, - деди давлат раҳбари. 

Мавзуга оид