Италия терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашининг гуруҳ босқичида иккинчи ўринни эгаллади ва  Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатидан қолиб кетмаслиги учун Швеция тўсиғидан ўтиши керак бўлади. Жума оқшомида ўтказилган биринчи учрашувда итальянлар 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди. Қуйида Жампьеро Вентура жамоасидаги асосий муаммоларни кўриб чиқамиз.

Италия терма жамоаси инқироздами?

Албатта инқироз мавжуд. Нафақат натижалар, бундай таркиб билан «адзурра» жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиши керак. Итальянлар ҳозирда ўзига хос ўйин услубларини йўқотишган, шу билан биргаликда замонавий футбол ҳам намойиш этишмаяпти. Натижада, ҳеч қандай ўзига ишонч йўқ, Швеция билан биринчи ўйин натижаси ҳам буни исботлади.

Ёмон ўйин сабаби нимада?

Одатда ҳамиша мураббийни икки нарсада айблашади: нотўғри тактика ва таркибни танлашдаги хато сиёсат. Жанпьеро Вентурага Италия терма жамоасидаги фаолияти учун иккиланмасдан икки қўйиш мумкин.

Вентура қандай тактик ўзгаришлар қилди?

4-2-4 ва 4-4-2 схемаларини қўллаш. Италия ёшлар терма жамоалари 4-3-3 схемаси бўйича ўйнаб келишади, А Серия жамоалари ҳам 4-3-3, 3-5-2, 4-3-1-2 ва 4-3-2-1 схемаларидан фойдаланишади. 

Ҳатто Луиджи Дельнери – Сакки мактабининг охирги рицари ҳам 4-4-2 схемасидан воз кечган. Чунки футболчилар терма жамоа йиғинига келгач, бошқа схемага мослаша олишмайди, мураббий қисқа муддатли йиғин вақтида барча талабларини бажартира олмайди. Бунга фақат Конте қодир эди, аммо ўшанда футболчилар бутунлай бошқача машғулотлар ўтказишар, улар бор кучини майдонда ташлаб, клубларга бир аҳволда қайтишарди.

Ярим ҳимоячилар 4-4-2 схемасига мослашиши нега қийин кечади?

Бундай схемада рақиблар қанот футболчилари ортга қайтавериши шарт бўлмагани учун ҳужумда сон жиҳатдан устунликка эга бўлишади. Итальянлар кўниккан услубда медиано - ҳимоядан чиқишга жавобгар амплуа ва икки медзаллар (яна ярим ҳимоячилар) бор. Медзаллар сал олдинроқда ҳаракатланишади ва турли вазифаларни бажаришлари мумкин. Жумладан, симметрик ўйин қуриш (бунинг эвазига позицион ҳужумлар учун турли вариантлар ҳосил қилинади), шунингдек, прессингни кенг олиб бориш.

Марказда икки ярим ҳимоячи қолар экан, улар универсаллар бўлиши талаб этилади – худди Райкард ва Анчелотти каби. Бу Сакки назариясидаги асосий қоида эди, ўшанда Италияда 4-4-2 илк марта қўллана бошланган. Вентура эса буни ҳисобга олмади ва унинг жамоасида ўрта чизиқ бошқаларидан ажралиб қолмоқда.