Қорақалпоғистонлик ўқитувчи жонига қасд қилиб, уй томидан ўзини ташлади. Ундан олдин намойишкорона тарзда устига бензин сепади. Ушбу тасвир акс этган лавҳа таҳририятга келиб тушгач, Kun.uz мухбири вазиятни ўрганиш учун Қорақалпоғистонга йўл олди.

Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг қарорига кўра, Батирбай Ниязимбетов Тўрткўл тумани «Уллубоғ» аҳоли яшаш пунктида жойлашган 135-ер участкасини эгаллаб олгани ва ўзбошимчалик билан бино қургани туфайли, суд томонидан уй-жойни мажбурий тартибда бузиб ташлашга мажбур, деб топилган. 

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни туман Мажбурий ижро бюро ходимлари, ҳокимлик ва тегишли идора мутасаддилари билан биргаликда Батирбай Ниязимбетовнинг «ўзбошимча қурилишини» бузиш учун манзилга етиб келади. Суд қароридан норози бўлган Батирбай Ниязимбетовнинг ўғли Ахмад эса ўз жонига қасд қилишга уринди. 

Фото: Kun.uz

Ахмаднинг айтишича, суд қарорида зикр этилган уй-жой аслида унга тегишли бўлиб, паспортида муҳрланган прописка, уй кадастрига оид ҳужжатларни тақдим этди.

«Биз қариндошимиз Ибрагимов Хамиднинг маслаҳати билан «Уллубоғ» аҳоли яшаш пунктидан ер олишни ўйлаб қолдик. Аслида, бизнинг ҳам шу ердан кимошди савдосида сотиб олган 112-сонли ер-участкамиз бўлган. Унинг ён тарафидаги ер-участкаси эгасиз, яъни ҳеч кимга хатланмаган эди. Хамид ана шу жойни менинг номимга расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига тўрт миллион сўради», дейди ва ана шу суҳбат ёзиб олинган аудиони тақдим қилди.

Унинг айтишича, бу воқеа 2016 йил августда бошланди. «Хамиднинг ваъдаси кетидан, ҳужжатларни расмийлаштириш осон кечмаслиги, ҳокимиятда ўз танишлари орқали ҳал бўлиши, биз эса хотиржам уй қурилишини бошлайверишимиз мумкинлиги айтилганди. Биз унга ишондик, чунки Хамид «Уллубоғ»дан кимошди савдосида акасининг хотини, яъни, янгасининг номига 135-сонли ер-участкасини расмийлаштириб, сотиб олганди», дейди Ахмад.

Бу орада қариндошларнинг орасидаги муносабатлар қалин бўлиб, ишлар хамирдан қил суғургандай давом этиб турганди. Иморатни қуриш октябрга қадар якунланди. Ахмаднинг айтишича, 2017 йил январь ойида Хамид уларнинг хонадонига ташриф буюриб, ер-участка ҳужжатларини расмийлаштириш учун яна пул талаб қила бошлади. «Мендан қора бозорда валюта курси ошиб кетгани туфайли, қўшимча чиқимларни қоплашимни сўради. Ваҳоланки, мен барча пулни келишув пайтидаёқ қўлига тутқазгандим», дейди у.