ҚҲТБТ порталида Меҳнат кодексига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар лойиҳасининг давоми жойлаштирилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Кредитни қоплашга – барча иш ҳақи
Иш берувчи ходимнинг аризасига биноан унинг иш ҳақини ёки унинг бир қисмини у олган кредитни қоплаш ҳисобига банк ёхуд кредит ташкилотига ўтказиши мумкин. Бу иш ҳақидан чегириб қолиш ҳисобланмайди.
Бекор туриб қолишда минимал тўлов кафолатланади
Ҳозир ходимнинг айбисиз бекор туриб қолишда унинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади. Лойиҳа билан ўртача иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаган минимал тўловни кафолатлаш таклиф қилинмоқда. Бунда қонунда юқори чегара белгиланмайди, у жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.
Бироқ, агар бекор туриб қолишда ходимнинг айби ўрнатилса, шу давр учун унга тўланган иш ҳақи ундириб олинади.
Самарасиз бошқарувчиларга мукофотлар берилмайди
Устав капиталида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг самарадорлиги қониқарсиз ёки паст деб топилган ёхуд баҳоланмаган тақдирда бошқарув ва кузатув кенгашлари аъзолари (штатдагилардан ташқари) учун рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар (мукофотлар, устамалар, қўшимча ҳақ) амалга оширилмайди.
Ўриндошлар учун – соатбай тўлов
• Соатбай тариф ставкаси бўйича;
• тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида;
• ўриндошлик бўйича ишлайдиганларга. Ҳозир ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида - ҳақиқатда бажарилган иш учун ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида - ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади;
• узрли сабабларга кўра (касаллик, таътил, давлат, жамоат ва ҳарбий мажбуриятларни бажариш ва ҳоказо) белгиланган иш вақти меъёрини ишламаганларга нисбатан меҳнатга соатбай ҳақ тўлашни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Вахта ишлари, меъёрлаш ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоби баён қилинади
Вахта иш усули ходимнинг доимий яшаш жойи ёки иш берувчининг жойлашган жойи анча олис бўлганда ҳамда ходим ҳар куни яшаш жойига келишининг имконияти йўқ бўлганда қўлланилади.
Вахтачиларга ҳар бир календар кун учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал миқдорига нисбатан 10 фоиз миқдорида устама тўланади.







