Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкилотни қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашаётган ташкилот сифатида идентификациялаш механизми тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2015-2019 йиллар учун иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқ соҳаларида энергия ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида” 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарори 5-бандининг учинчи хатбошига мувофиқ, қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган корхоналар ва ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб 5 йил муддатга барча солиқлардан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод этилиши маълумот учун қабул қилинди.

Ташкилотни қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ташкилот сифатида идентификациялаш механизми тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ташкилотларга ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ солиқ имтиёзлари берилишида кўмаклашишни;

қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ва солиқ имтиёзлари берилаётган ташкилотларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилишини таъминлайди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси А.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.Отажонов ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги бош директори А.Каримов зиммасига юкланди.

Низомга кўра, қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ташкилот - қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлайдиган ва бундай қурилмаларни сотишдан оладиган соф даромади улуши сотишдан тушадиган соф даромаднинг умумий ҳажмида ҳисобот солиқ даври якунлари бўйича камида 50 фоизни ташкил қиладиган юридик шахсдир