Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2017 йилнинг 9 ойи давомида ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ халқаро саҳнада мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш, хорижий мамлакатлар ва нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолият олиб борди. ТИВ матбуот хизмати шу ҳақидаги хабари билан бўлишди.

Ўзбекистон Президентининг Туркманистон (6-7 мартда, 19-20 майда, 17 сентябрь), Қозоғистон (22-23 март, 29 апрель ва 8-9 июнь, 9-10 сентябрь), Россия (4-5-апрель), Хитой (12-15-май), Саудия Арабистони (21-май), Қирғизистон (5-6-сентябрь) ҳамда АҚШга (18-20-сентябрь) давлат ва амалий ташрифлари ташкил этилди.

Шунингдек Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга (16-17-сентябр) давлат ташрифи бўлиб ўтди.

2017 йилнинг 9 ойи мобайнида ТИВ Консуллик бошқармаси ва Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасалари томонидан чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасини бериш, биометрик паспортни алмаштириш/бериш, ватанга қайтиш тўғрисидаги гувоҳнома бериш, фуқаролик ҳолатини қайд этиш, нотариал хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ жами 308,879 та консуллик амаллари бажарилди.

Ҳисобот даври мобайнида энг кўп консуллик ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон (55.938), Россия (25.866), Туркманистон (17.005), Қозоғистон (16.381), Жанубий Корея (13.874), Германия (13.376), Хитой (12.603) ва Ҳиндистондаги (11.925) элчихоналарида амалга оширилди.

2017 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 224.022 нафар чет эл фуқароларига, шу жумладан, 96.752 нафар сайёҳ ва 32.898 нафар тадбиркорга ҳам Ўзбекистонга кириш визалари берилди. 2016 йилнинг шу даврига нисбатан берилган визалар умумий сони 21 фоизга, шу жумладан, берилган сайёҳлик визалари - 24 фоиз, тадбиркорлик визалари 27 фоизга ошди.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан 2017 йилнинг 9 ойи давомида энг кўп консуллик-ҳуқуқий ҳаракатлар амалга оширилган давлатлар

Манба: Ташқи ишлар вазирлиги

Жорий йилнинг 5 июль куни видеоконференция шаклида Ташқи ишлар вазирининг ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти бўлиб ўтди.