Кўпчиликни тана аъзолари ҳамда тўқималар трансплантациясига оид масалалар, янгиликлар қизиқтириши табиий. Чунки буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар ёки юрак ва ўпка трансплантацияси бўладими, муҳими, фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Сир эмас, зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди.

Барчани хурсанд қилган янгилик: мамлакат тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошлангани бўлди. Президент саъй-ҳаракати билан ҳозирда бу соҳа фаолиятинининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори шундай амалий қадамлардан бири бўлди.

KUN.UZ’га соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, ушбу ҳужжат сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичидаги беморларни юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам билан таъминлаш, яқин қариндошлик трансплантациясини ташкил қилиш мақсадида қабул қилинди. Низом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартибини, трансплантацияни бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.

Эндиликда Ўзбекистонда тана аъзоларини трансплантация қилиш операциялари бажарилар экан, энг аввало, халқимизга юксак технологиялар воситасида, энг илғор тиббий стандартлар асосида хизмат кўрсатиш, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Даволаш муассасаларини жиҳозлаш, кадрлар тайёрлаш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Айни дамда трансплантология соҳасининг жаҳондаги энг нуфузли мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

— Мана, халқимиз ва тиббиёт ходимлари узоқ йиллардан буён кутган янгилик бўлди. Мамлакатимизда аъзолар трансплантацияси каби ўта ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ. — Бундай юқори технологик операциялар Америка, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз тиббиёти ана шу давлатлар қаторидан жой олди. Илгари беморлар чет давлатларга бориб, катта маблағ сарфлаб, ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Лекин шунга эҳтиёжи бор беморларнинг барчаси ҳам бундай имкониятга эга эмас. Масаланинг яна бир томони — хорижда аъзо кўчириш операциясини ўтказиб келган беморларда оғир асоратли ҳолатлар ҳам кузатилиб турганди. Чунки бундай беморлар доимий равишда шифокор назоратида бўлиши лозим, тиббий кўриклардан ўтиб туриши, турмуш тарзида ўзига хосликларга амал қилиши талаб этилади. Мана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда трансплантология хизмати йўлга қўйилди.