Орадан 13 ой ўтиб Ўзбекистондаги барча АЁҚШларда бензин нархи яна қимматлашди. 15 ноябрь кунигача АИ-80 туридаги бензиннинг 1 литр баҳоси 2800 сўм этиб белгиланган бўлса, айни пайтда шу нарх яна 1000 сўмга ошган. Мос равишда бошқа бензин турлари ҳам ўз нархидан 35 фоизгача қимматлашди.
Ҳолбуки, 14 ноябрь куни «Ўзнефтмаҳсулот» вакили бундай ўзгариш кутилаётганидан бехабарлиги, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор қабул қилгани ҳақида қарор етиб келмагани ҳақида айтганди.
Шунга қарамай, бу ўзгариш юз берди. Навбатдаги савол бензин нархи нега қимматлашганига оид бўлиши табиий.
2016 йилнинг 16 октябрь куни «Ўзнефтмаҳсулот» ахборот хизмати аҳоли орасида «болалаган» миш-мишлар асоссиз экани, тез орада жойларда бензин танқислиги муаммосини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалиётга жорий этилишини таъкидлаганди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, «Ўзбекнефтгаз» бутун республика бўйлаб, бензин учун ягона харид қилиш нархи ўрнатилганини маълум қилди. Шу пайтгача АЁҚШларда мустақил нарх белгилаш сиёсати қайсидир маънода мавжуд бўлиб, ундан кейин АИ-80 турининг 1 литри учун 2800 сўм қатъий этиб белгиланди.
Эътиборли жиҳати шундан иборатки, орадан 13 ой ўтиб, истеъмолдаги бензин нархи яна оширилишига иккита омил сабаб бўлган.
«Валюта либераллашуви оқибатида АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати икки баробар ошди. Табиийки, республикага импорт қилинаётган нефть хом ашё маҳсулоти, хусусан углеводороднинг қиймати ҳам қимматлашган», дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган «Ўзнефтмаҳсулот» вакили.
Унинг айтишича, валюта либераллашуви жараёнида шундай ўзгаришни кутиш табиий бўлган. Иккинчи омил сифатида - вилоятлар ва пойтахтда бензин етказиб беришда кузатилган кескин фарқ, хуфёна ёқилғи бозорининг яшаб қолаверишида, дейиш мумкин. Лекин, мантиқий саволлар пайдо бўлади: Ўзбекистон нефть ишлаб чиқарувчи давлатлардан бирику? Нега нефть маҳсулотларини импорт қиламиз? Нега ўзимизда етишмовчилик бор?
Жаҳонда нефть экспортёрлар орасида Саудия Арабистони йиллик 585 миллион тонна нефть ишлаб чиқариш кўрсаткичи билан етакчилик қилади. Россия эса ҳар йили 554 миллион тонна, АҚШ 543 миллион тонна нефть ишлаб чиқаради. Албатта, бу рўйхат пешқадами ортидан қайд этилган давлатлар трансмиллий компания хизмати эвазига ўз кўрсаткичини яхшилаб бормоқда. Шу рўйхат бўйича Ўзбекистон 2016 йили нефть экспорт қилувчи давлатлар ичида 47-ўринни эгаллаган. Агар рақамларга қаралса, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 2,6 миллион тонна нефть ишлаб чиқарилаётгани маълум бўлади.
«Вақт ўтган сари қайта ишланадиган нефть миқдори камаймоқда, талаб эса ошиб бораверади. Шунинг эвазига истеъмолдаги 30 фоиз нефть маҳсулотлари учун етказиб берилаётган углеводород импорт маҳсулот эканини айтиш лозим», дейди вакил.
















