KUN.UZ таҳририятига Навоий вилояти Нурота тумани Қизилча МФЙ фуқароси Қурбонов Даврон мурожаат қилди. 1938 йилда туғилган отахон Қизилча қишлоғидаги мавжуд муаммоларни санаб кетди. Хусусан, бир неча йиллардан бери 5 500 киши истиқомат қиладиган аҳолининг ичимлик суви муаммоси ҳал этилмай келаётгани ва бошқа қатор масалалар борлиги ҳақида сўзлади. Қурбоновнинг айтишича, у МФЙ номидан туман ва вилоят ҳокимликларига, виртуал ва халқ қабулхоналарига мурожаат қилган бўлса-да, сўнгги ижро этувчи туман ҳокимлиги бўлганлиги сабабли истеъмолга яроқсиз ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳал этилмаётганини таъкидлади.

Навоий вилояти Нурота тумани

Шу муносабат билан таҳририят махсус мухбирлари журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида Нурота туманига отланди.

Айтиш жоизки, Нурота тумани Навоий вилоятининг тоғли-чўлли ҳудудида жойлашган. Аҳолининг аксар қисми, биз борган Қизилча қишлоғи ва унинг атрофидаги бошқа аҳоли пунктларида яшовчилар, асосан, чорвачилик билан шуғулланади. Тоғ ва чўл зонаси бўлгани сабабли айрим аҳоли пунктларининг оралиғи 20-25 км, ундан ҳам ортиқ масофани ташкил этади.

Нурота туманидаги Қизилча қишлоғи

Даставвал вазиятни ўрганишни Қизилча қишлоғидаги кўчма бозор фаолияти билан танишишдан бошладик. Аммо уни биз “бозор” дейишга тилимиз бормади. Маълум бўлишича, бу ерда ҳафтанинг ҳар душанба куни теварак-атрофдан келган тадбиркорлар 4-5 соатга савдо қилишар экан. Аҳоли ўзларининг озиқ-овқатга бўлган бир ҳафталик эҳтиёжини шу вақт оралиғида сотиб олиш билан қаноатлантиради.

Қизилча МФЙда яшовчи Даврон Қурбонов

Бу маҳаллада 5 минг 500 дан ортиқ фуқаро истиқомат қилишига қарамай, қишлоқдаги иқтисодий вазият анча оғирлигини “бозор”нинг аҳволидан ҳам билса бўлади. Қайд этиш ўринлики, бозорда бирорта ҳам савдо растасини кўрмадик. Бунинг сабабини суриштирганимизда, аслида бу ерда бозор ташкил этилмаган. Аммо узоқ йиллардан бери савдогарлар ва қишлоқ фуқаролари ташаббуси билан ҳафтанинг душанба куни бир неча соатга шу каби йирик савдо ташкил этилади. Кўпчилик фурсатдан фойдаланиб, шу куни ҳафталик эҳтиёжлари учун озиқ-овқат ёки бошқа маҳсулотларни харид қилади. Ахир, энг яқин бозор жойлашган Нурота тумани марказига бориш учун ҳам 60 километрга яқин масофага бориб келиш талаб этилади.