12 йиллик таълимдан 11 йиллик таълимга ўтиш ҳақидаги Қарор кўпчилик томонидан катта қувонч билан кутиб олинган бўлса-да, аммо эндиликда юқори синф ўқувчиларидан 3 йиллик маълумотни 2 йилда ўзлаштириш кутилмоқда. Унинг устига, 2018 йилда 810 мингга етиши кутилаётган абитуриентлар сони, 2019 йилда 1 миллиондан ошишига шубҳа йўқ. Шу сабабли, абитуриентларимиздан янада кўпроқ меҳнат ва тиришқоқлик талаб этилади.
Рақобат ўта кучайган вақтда, вазиятга бошқача назар ташлаб, муаммони ноодатий услублар орқали ечиш энг тўғри йўл ҳисобланади. Ана шундай ноодатий услублардан бири, ўқиш жараёнига ахборот технологияларини киритиш. Абитуриентларимиз учун онлайн дарслар орқали тайёрланиш ва улардан унумли фойдаланишни мисол қилишимиз мумкин.

Бундай технологиянинг ютуқларидан бири, ўқувчилар аввал ўтилган ёки энди ўтилиши кутилаётган мавзуларни олдиндан ўзлаштириб боришлари мумкин. Онлайн дарслар юқори тажрибали ўқитувчилар томонидан тайёрланади. Сабаби эса оддий. Дарслар минглаб, ҳатто миллионлаб тингловчилар учун тайёрланади. Ўқувчиларнинг барчасига бирдек тушунарли ва фойдали бўлиши учун бу иш ўқитувчидан юқори савиядаги билим ва методикани талаб қилади. Онлайн ўқишнинг яна бир катта ютуқларидан бири – онлайн курслар жуда арзон. Бундан ташқари, мавзуни тушуниш қийинчилик туғдирган вақтда, видеони исталган қисмидан такрор ва такрор кўриб тушуниб олиш мумкин. Исталган жойдан, исталган вақтда курсларни очиб кўриш ҳам мумкин. Бу эса дарсларни уйдан ўрганиб бориш имкониятини ҳам яратади.
Таълимга ихтисослашган энг обрўли нашриётлардан бири МcGraw-Hill тадқиқотлари шуни кўрсатадики, онлайн дарсларни кундалик ўқув жараёнига киритган 84 фоиз ўқувчи онлайн дарслар мавзуларни ўзлаштиришга катта ёрдам бергани таъкидлаган бўлса, 81 фоиз ўқувчи онлайн дарслар уларга ўқишдаги натижаларини янада яхшилашга хизмат қилганини айтиб ўтган.












