Ўзбекистон | 17:51 / 23.11.2017
47538
2 дақиқада ўқилади

3 та бир хил сондан иборат авторақамнинг бошланғич нархи қанча? 

Фото: KUN.UZ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси акциядорлик жамияти томонидан биржа савдолари ҳамда электрон тижоратнинг замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда акциядорлик жамиятида савдолар шаффофлигини таъминлаш, бозор нархлари шаклланиш механизмини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ва янги савдо услубларини жорий этиш орқали тадбиркорлар ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг биржа бозорларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.

Йилнинг асосий янгилиги –  авторақамларни сотиш бўйича янги савдо платформасининг ишга туширилиши туфайли жисмоний шахслар биржадаги электрон савдоларда фаол қатнашмоқда. Бунда мижознинг рўйхатдан ўтишидан тортиб, то битимни тузишгача бўлган барча операция ва транзакциялар ЎзРТХБнинг avtoraqam.uzex.uz вебсайти ва мобиль иловасидаги шахсий кабинетида амалга оширилади. 

– Янги савдо платформаси ишга туширилиши автотранспорт эгалари орасида катта қизиқиш уйғотди, – дейди Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси акциядорлик жамияти мутахассиси Жасур Юнусов. – Рақамлар учта тоифага бўлинган ҳолда сотилмоқда. Мисол учун, учта бир хил сондан иборат авторақамнинг бошланғич нархи энг кам иш ҳақининг юз баробарига тенг. Ўтган даврда онлайн аукционлар орқали сотилган 684 авторақамнинг қиймати 14,4 миллиард сўмдан ошди.

Avtoraqam электрон тизимида ҳар куни ўртача 10 битим тузилмоқда. Харидорларнинг таркибий тузилмасида етакчи ўринни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти автоҳаваскорлари эгалламоқда. Кейинги ўринларда Фарғона, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Наманган ва Сирдарё вилоятлари харидорлари жойлашган. Ўтказилаётган рақобатли савдолар жараёнида авторақамларнинг олий тоифаси бўйича 249 га яқин талабнома, иккинчи ва учинчи тоифага ўртача 54-30 та нарх таклифи берилмоқда.

Мавзуга оид