Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб чоп этилди.

Фото: Президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази

Президент матбуот маркази маълумот беришича, 20 ноябрь куни нашр этилган ушбу китоб 8 бўлимни ўз ичига олган 320та саҳифа ва кўплаб суратлардан иборат бўлиб, 50 минг нусхада чоп этилди.

Нашрда Шавкат Мирзиёевнинг аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, сўнг Президент лавозимидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилган. Президентнинг Ўзбекистон ва хорижда сўзлаган нутқларидан, жумладан, инаугурация маросимида, Конституция байрамида, БМТ Бош ассамблеясидаги нутқидан ҳамда  янги йил байрами табригидан иқтибослар келтирилган.

Китобда Президент Мирзиёев ташаббуси билан барча  соҳаларда бошланган жуда муҳим ислоҳотларнинг таҳлилига катта эътибор қаратилган.  Иқтисодиётнинг либераллашуви, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар, валюта бозорини либераллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, мамлакат вилоятларига нисбатан янги сиёсат, сўз эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш, жамиятда кузатилаётган умумий демократлаштириш ва либераллашув, буларнинг барчаси Президент Мирзиёев ташаббуси билан бошланган янги ислоҳотларнинг дастлабки  натижаларидир.

Китобнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” номли бобини муаллиф катта қизиқиш билан алоҳида таҳлил қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсатдаги минтақавий ҳамкорликнинг янги импульсига туртки бўлган, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқаларини янги босқичга олиб чиққан ташаббуслари ҳақида сўз боради. Ўтган бир йил давомида Президент Мирзиёевнинг хорижий давлатларга ташрифи, Ўзбекистонга ташриф буюрган бир неча давлат раҳбарлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар етакчилари билан бўлиб ўтган музокаралари ҳақида батафсил маълумот берилган.

Шу кунларда корейс диаспорасининг Ўзбекистонда истиқомат қилаётганига  80 йил тўлмоқда ва бу сана мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.  Китоб муаллифи Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида гуманитар соҳада узоқ йиллардан буён  давом этаётган мустаҳкам дўстона муносабатларни чуқур ҳаяжон билан ҳикоя қилади.

Китобда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп йиллик муваффақиятли савдо-иқтисодий ҳамкорликка ҳам кенг ўрин берилган.