Испания чемпионатининг 13-турида, нафақат турнинг, балки мавсумнинг муҳим ўйинларидан бири бўлган «Валенсия» ва «Барселона» учрашувида ғолиб аниқланмади. Ҳакам каталонияликлар жамоасининг тоза голини ҳисобга олмади ва учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.

«Валенсия» – «Барселона» – 1:1 (0:0)
Голлар: Родриго, 60 (1:0). Жорди Альба, 82 (1:1).
«Валенсия»: Нету, Монтойя, Габриэл Паулиста, Гарай (Везу, 86), Хосе Гайя, Солер (Мина, 89), Парехо, Кондогбья, Гонсалу Гедеш, Родриго (Перейра, 82), Дзадза.
«Барселона»: тер Штеген, Семеду (Алейш Видаль, 80), Фермален, Юмтити, Жорди Альба, Ракитич (Деулофеу, 68), Бускетс, Иньеста (Д..Суарес, 72), Месси, Л.Суарес, Паулинью.
Огоҳлантиришлар: Кондогбия, 32. Габриэл Паулиста, 44. Родриго, 74. Перейра, 89.
Ҳакам: Иглесиас Вильянуэва.
26 ноябрь. Валенсия. Mestalla стадиони.

«Валенсия» бош мураббийисиз ҳаракатланган бўлсада, мавсумдаги мағлубиятсиз серияни давом эттирди ва турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган каталонлардан очко тортиб олди. Аслида ким кимдан нима тортиб олди, қуйида кўриб чиқамиз.

Томонларнинг йўқотишлари

Ўтган турда «Реал» ва «Атлетико» ўзаро ўйинда очко йўқотишидан кейин «Валенсия» «Барселона» учун асосий рақобатчига айланганди. Ўзаро ўйинда каталонияликлар ғалаба қозониш орқали бу рақибни ҳам ортда қолдириб кетиши (7 очко) мумкин бўларди.

Мавсумда қаторасига 8 ўйинда ғалаба қозониб келган «кўршапалаклар» бу турда тўққизинчи ғалабага ҳам иштиёқ кўрсатишди. Бу жамоа ҳужумчиси Симоне Дзадза ҳам Мессидан кейин (13) ички чемпионатда иккинчи тўпурар бўлиб турибди (9). Унинг ҳужумдаги шериги Родриго 8 гол ва 7 голли пас муаллифи сифатида Европадаги энг сермаҳсул футболчи. У бироз олдинроқ «Месталья»да 2022 йилгача қолишга рози бўлган ва янги шартномага имзо чекканди.

Бу учрашувдан олдин «Валенсия»нинг ягона йўқотиши - мураббий Марселино бўлди. У ўтган турда «Эспаньол»га қарши ўйинда ҳакам билан тортишгани учун майдондан четлатилган ва дисквалификация қилинганди. У билан бирга ўғли Серхио Гарсия ҳам четлатилган, ҳакам Эрнандес Эрнандес протоколда у ўзига сўкингани ҳақида ёзганди.