Вазирлар Маҳкамасининг 22.11.2017 йилдаги 937-сон “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
У билан иккита низом тасдиқланди:
• Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
• Илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда диссертацияларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.
Диссертацияларни экспертизадан ўтказиш харажатларини ким тўлайди
ОАК эксперт кенгашлари аъзоларининг илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатига ҳақ тўлаш соатбай шартларда ОАК томонидан амалга оширилади. Бунда:
• эксперт кенгаши раиси ва илмий котибига - эксперт кенгашининг ҳар бир ўтказилган мажлиси учун, амалда уни ўтказиш учун сарфланган вақтдан келиб чиққан ҳолда, бироқ ҳар бир мажлис учун 5 соатдан кўп эмас;
• экспертларга - фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш учун 8 соат ҳамда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан диссертацияни экспертизадан ўтказиш учун 5 соат ҳисобидан.
Илмий даража олиш юзасидан бир диссертация экспертизаси эксперт кенгаши раиси тайинлайдиган бир эксперт томонидан ўтказилади. Экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича баҳсли вазиятлар вужудга келганда, эксперт кенгаши раиси OAK раиси билан келишилган ҳолда унинг меҳнатига ўхшаш шартларда ҳақ тўлаш билан мазкур диссертацияни бошқа эксперт томонидан такроран экспертизадан ўтказишни тайинлаши мумкин.
Илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларни экспертизадан ўтказиш учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдори раҳбар кадрлар ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича таълим муассасалари (курслари) тингловчиларига ўқув машғулотлари ўтказадиган шахслар учун тўланадиган соатбай иш ҳақи миқдори кабидир.
Илмий даражалар олиш юзасидан чет давлатда бажарилган диссертацияларнинг OAK эксперт кенгаши томонидан амалга оширилган экспертизаси учун тўлов чет эл фуқароларининг ўзи томонидан амалга оширилади. Тўлов миқдорлари OAK томонидан амалдаги сарф-харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бу ҳолатда OAK эксперт кенгаши раиси, илмий котиби ва экспертлари меҳнатига ҳақ тўлаш кирим қилинган тўлов ҳисобидан амалга оширилади.















