27 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, департаментлар мудирлари, вазирлар, қўмита ва компаниялар раисларининг шахсий масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг самарали ва натижали ишини таъминлаш, уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта шакллантирилиб, янги комплекслар ва вазирлик ташкил этилди.

Қарорга биноан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбарлари лавозимлари киритилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди.

Ушбу муҳим ўзгаришларнинг сабаблари ҳақида сўз юритар экан, президент қуйидаги фикрларга алоҳида урғу берди. 

Биринчидан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, мамлакат ҳудудларини ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалаларини ҳал этишнинг шакллари ва усулларини тубдан ўзгартириш зарур. 

Иккинчидан, жорий йил мобайнида вилоятлар, шаҳар ва қишлоқлардаги аҳолининг турли қатламлари билан ўтказилган мулоқотлар натижалари бўйича ҳар бир ҳудуд, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга янада кенг эътибор қаратиш керак. 

Учинчидан, ўз зиммасидаги вазифаларни бажариш, зарур натижага эришишни таъминламагани учун турли бўғиндаги раҳбарларни алмаштириш, замонавий билим ва малакага эга бўлган, ватанга садоқатли, фидойи ёшларга масъулиятли лавозимларни ишониб топширишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.