Жамият | 15:59 / 30.11.2017
21402
3 дақиқада ўқилади

МХХ наркофурушлар тармоғини фош қилди

Гиёҳванд моддалар инсон саломатлиги ва миллат генофондига катта зарар етказади. Шунга қарамай, улар билан савдо қилиш ва тарқатишни бойиш воситаси деб ҳисоблайдиган одамлар учраб турибди. Ўзбекистонда бу ёвузликка қарши кураш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан биргаликда олиб борилмоқда. Улар гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш каналларини аниқлашмоқда ва наркофурушларни қўлга олиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказишмоқда.

Куни кеча Миллий хавфсизлик хизмати Давлат божхона қўмитаси вакиллари билан биргаликда гиёҳванд моддалар контрабандаси ҳамда уни сотиш билан шуғулланган шахслар гуруҳининг жиноий фаолиятига чек қўйди.

"Ўзбекистон фуқаролари Оқилбек Мирзаев ва Ойбек Ғозибеков, Тожикистонда яшовчи Акром исмли шахс билан жиноий тил бириктириб, Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳудудидаги божхона постларини четлаб ўтиб, айланма йўллар орқали республика ҳудудига 1 килограммдан ортиқ кўкнор олиб кирган. Жиноятчилар контрабанда юкини Бекобод ҳудудидаги кўприк остига яшириб қўйишган бўлган", - дея айтиб ўтди МХХ вакили.

Эртаси куни Мирзаев яширилган жойдан наркотикларни олиб кетади ҳамда уларни Бекобод марказий бозорига олиб келади, улар бу ерда Ғозибеков билан уни мижозга етказишлари керак эди. Мижоз эса ҳайдовчиси Фахриддин Қодиров бўлган “Дамас” автомобилида келган Руслан Эшонқулов экани аниқланди.

Тезкор ходимлар келишувнинг барча иштирокчиларини наркотикларни “Дамас” автомобилида бериш чоғида, ашёвий далил билан қўлга олишди.

"Оқил Мирзаевдан рангли целлофан пакет олинди, унинг ичида скотч билан ўралган ва кучли ҳид тарқатувчи модда бўлган. Экспертиза натижаларининг кўрсатишича, бу оғирлиги 1 килограммдан ортиқ кўкнор экан", - дея айтиб ўтди ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси вакили.

Терговга қадар текширувда аниқланишича, Руслан Эшонқулов наркотикларни Дониёр Ҳасановга етказиб бериши керак бўлган, у эса уни тарқатиш билан шуғулланган, олинган пуллар эса Тожикистонга жўнатилиши лозим эди.

Миллий хавфсизлик хизмати жиноий гуруҳнинг барча аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича иш қўзғатди.

Мавзуга оид