Анонс. Уик-энднинг асосий ўйинлари
Навбатдаги уик-эндда футбол мухлисларини нималар кутмоқда? «Трибуна» Европа чемпионатларида навбатдаги турлар олдидан асосий ўйинлар анонсини тақдим этади.
НАПОЛИ – ЮВЕНТУС (1 декабрдан 2 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Катта ўйинлар ноодатий тарзда бугундан бошланади. Жумадан шанбага ўтар кечаси Италияда нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг марказий ўйинларидан бири бўлиб ўтади.
Ниҳоят А Серияда «Ювентус» одатланган барқарорликни намойиш қила оладиган куч пайдо бўлди ва «Наполи» турнир жадвалида туринликларни 4 очкога ортда қолдириб кетмоқда. Натижа нуқтаи назаридан неаполиклар «Манчестер Сити», «ПСЖ» каби жамоалар қаторида бўлсалар-да, Италияда рақобат янада юқорироқ темпда бўлиб ўтмоқда, яъни биргина мағлубият билан «Наполи» пешқадамликни «Интер»га топшириб қўйиши ва «Ювентус»ни ўзига минимал масофада яқинлаштириб қўйиши мумкин.
Чемпионлар Лигасида қийин аҳволда қолган Сарри шогирдлари бор эътиборларини энди Скудеттога қаратишлари табиий ва бунинг учун энг жиддий рақибини мағлубиятга учратиш талаб этилади. Ухлаб қолманг.
ПОРТУ – БЕНФИКА (1 декабрдан 2 декабрга ўтар кечаси, 01:30)
Португалия чемпионатининг энг марказий ўйини. Чемпионлар Лигасида гуруҳдаги барча ўйинларни бой бериб, шармандали натижа қайд этиш арафасида турган «Бенфика» қаторасига беш ўйинда ғалаба қозониб, ички чемпионатдаги мавқеини бироз тиклаб олди. Шу даражадаки, агар бу ўйинда ютадиган бўлса, ҳатто 1-ўринни «Порту»дан тортиб олиши мумкин.
2010 йилдан буёғини олсак, жамоалар ўртасидаги ўйинларда «Порту»нинг устунлиги яққол билинади, ўтказилган 21 ўйиндан 10тасида улар ғалаба қозонишган. Аммо сўнгги икки учрашувда бир хил 1:1 ҳисоби қайд этилган. Яна бир шундай ҳисоб Португалиянинг бошқа бир етакчи клуби «Спортинг»га қўл келиши ва лиссабонликлар турнир пешқадамига айланиб олишлари мумкин.
УОТФОРД – ТОТТЕНҲЭМ (2 декабрь, 20:00)
«Тоттенҳэм» қийин даврни бошдан кечирмоқда. Англия миқёсида ўтказилган сўнгги 6 ўйиннинг атиги биттасида Почеттино шогирдлари ғалаба қозонди. У ҳам бўлса, турнир жадвалида сўнгги поғонада бораётган «Кристал Пэлас» устидан минимал ҳисобда қўлга киритилди. Натижада Почеттино жамоаси Лига Кубогидан чиқиб кетди, АПЛда эса, 3-ўриндан 7-ўринга тушиб кетди. Бундай паллада айнан «Уотфорд» майдонига сафар қилиш у қадар қулай эмас.
Сабаби, Маркус Сильва шогирдлари етакчи жамоалар билан ёмон натижа қайд этмаяпти. Манчестер жамоаларидан учралган мағлубиятларни айтмаса, «Арсенал» мағлуб этилди, «Ливерпуль» билан жанговор дурангга эришилган. Ҳатто 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган Моуриньо жамоаси ҳам, тизгинни бир муддат қўлдан чиқарди ва ўша ўйинни «Уотфорд» қутқариб қолишга ҳам яқин турганди (ўйин 4:2 ҳисобида якунланди).
Пешқадам билан орадаги фарқи 16 очкога етган «Тоттенҳэм» мураббийи энди чемпионлик учун кураш имконсиз эканини айтган бўлса-да, кучли тўртлик у қадар узоқ (4 очко) эмас. Ҳеч бўлмаса, мана шу курашда қолиш учун қийин ўйинда ғалаба қозониш талаб этилади. «Уотфорд» эса, агар ғалаба қозонса, рақибларига очколар бўйича етиб олиши ҳам мумкин.
Жамоаларнинг сўнгги 6 учрашувида «Тоттенҳэм» ғалаба қозонган. Тўплар нисбати – 13-2.
ЛЕСТЕР – БЁРНЛИ (2 декабрь (20:00)
Одатий турларда балки бу ўйин эътибордан четда қолиши мумкиндир, аммо жамоаларнинг айнан сўнгги пайтларда кўрсатаётган ўйинларига урғу берсак, жуда қизиқарли учрашув бизни кутиб турибди.
Сўнгги беш ўйиннинг тўрттасида ғалаба қозонган Шон Дайч шогирдлари кутилмаганда, турнир жадвалида кучли олтиликка кириб олишга муваффақ бўлди ва қизиғи, бунга қайсидир маънода «Лестер» ҳам ёрдам бериб юборди. «Тулкилар» ўтган турда «Тоттенҳэм» устидан ғолиб чиққанди.
«Лестер» ҳам мавсум бошида аутсайдерлар орасида борганди, аммо янги бош мураббий келганидан кейин натижалар ижобий томонга ўзгарди. Айниқса, юқорида тилга олинган сўнгги турдаги ғалаба «Лестер»ни 15-ўриндан биратўла 9-ўринга кўтариб юборди.
Ҳар икки жамоа ҳам бир-бирига ўхшаш бўлган классик инглиз футбол услубида тўп суради. Бу жиҳат ҳам ҳақиқий британча футбол мухлислари учун жуда қизиқ тўқнашув бўлишини таъминлашига шубҳа йўқ.
БАЙЕР – БОРУССИЯ (2 декабрь, 19:30)
«Байер»нинг Бундеслигадаги охирги мағлубияти сентябрь ойида содир бўлган, аксинча, дортмундликлар эса, ўша ойдан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда. Ҳатто, «Шальке»га қарши ўйинда дастлабки 20 дақиқада 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олиш ҳам, якунда Бош шогирдларига ғалаба қозониш учун етарли бўлмади.
Бу сериялар натижасида ливеркузенликлар «Боруссия»ни қувиб ўтиш учун яхши шароит яратиб олди. Агар бу ўйинда «Байер» ғалаба қозонадиган бўлса, бешинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин.
Жамоаларнинг сўнгги 14 учрашувининг ярмида дортмундликлар ғалаба қозонган. Аммо ўтган йилнинг октябрь ойида Леверкузенда бўлиб ўтган ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида устун келганди.
АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (2 декабрь, 22:30)
Шубҳасиз, ҳафтада Европанинг энг марказий ўйинларидан бири. Ҳар икки жамоа ўйинга жуда яхши формада кириб бормоқда. «Арсенал» АПЛдаги сўнгги 7 учрашувнинг 6тасида ғалаба қозонди, Моуриньо жамоаси эса, қаторасига уч ўйинда ғалаба қозониб, октябрдаги омадсизликга барҳам берилганини кўрсатди.
Фақат ҳар икки жамоа таркибида жароҳатланган борлигини эътироф этиш керак. Александр Ляказет «Ҳаддерсфилд»га қарши ўйиндаги жароҳати сабаб, эртага майдонга туша олмайди. «Юнайтед» таркибида эса, Неманья Матич сўнгги ўйинда алмаштирилди ва катта эҳтимол билан бу ўйинни ўтказиб юборади.
Мураббийлар дуэли ҳақида айтилса, Моуриньонинг Венгердан устунлигини кўрамиз. Саккиз ғалаба ва икки мағлубият. Аммо шу билан бирга, ўша икки мағлубият ҳам сўнгги тўрт ўйинда қайд этилганини таъкидлаш зарур. Моуриньонинг катта ўйинларда асосан гол ўтказмасликни мақсад қилаётганини сезиш қийин эмас. Арсен Венгер ушбу ўйин олдидан рақибининг ўта ҳимоявий ўйин кўрсатмаслигини истаётганини яширмади.
Агар Англияда бу мавсумда кузатилаётган топ ўйинларга эътибор қаратсак, меҳмонларнинг муваффақиятсиз эканини кўрамиз. Топ-6 орасида ўтказилган 12 ўйиндан атиги 2тасида меҳмонлар ғалаба қозонган. Улардан бири (Тоттенҳэм – Челси) «Уэмбли»да, яъни деярли нейтрал майдонда ўтганини ҳам унутмаслик керак. Ҳимояни эсдан чиқарган пайтда эса, йирик ҳисоблар ҳам қайд этилган. Бу фактор ҳақида португалиялик мутахассис ҳам билиши табиий.
Меҳмонларда бир кичик устунлик бор – «Манчестер Юнайтед» аввалги ўйинини рақибига нисбатан бир кун олдин ўтказди, эртанги ўйин учун тикланишга бир кун кўпроқ вақтга эга бўлди.
АТЛЕТИК – РЕАЛ (2 декабрдан 3 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Жамоалар ўртасидаги сўнгги 12 ўйиннинг 10тасида «Реал» ғалаба қозонган, гўёки, бу сафар ҳам ғолибни олдиндан тахмин қилиш осондек кўринади. Аммо ўша ўйинларнинг, айниқса Билбаодаги тўқнашувларнинг қандай курашлар остида ўтганини кўриб борган бўлсангиз, бугун ҳам «Атлетик»да имконият борлигини айта оласиз.
«Реал»нинг Бильбаода осон ғалаба қозониши охирги марта 2013 йилда содир бўлганди. Шундан кейинги ўйинларда икки марта «Реал» минимал ҳисобда ғалаба қозонган, бир марта дуранг қайд этилган, 2014/15 йилги мавсумда эса, Адуриснинг голи мезбонларга ғалаба келтирган. Шунингдек, «Реал» Ла Лигадаги сўнгги икки сафар ўйинида ғалаба қозона олмаганини ҳам эслатиб ўтиш керак.
Ўтган турда пешқадамларнинг ўзаро дуранг ўйнаши «Реал»га қўл келди ва «Барселона» билан орадаги фарқ 8 очкога қисқарди. Аммо Эл-класикогача интригани ушлаб туриш учун, «Реал» ўз ўйинларининг барчасида ғалаба қозониши шарт бўлади.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
2 декабрь. БАРСЕЛОНА – Сельта (17:00), ЧЕЛСИ – Ньюкасл (17:30), БАВАРИЯ – Ҳанновер 96 (19:30) Брайтон – ЛИВЕРПУЛЬ (20:00), Страсбур – ПСЖ (21:00)
3 декабрь. Беневенто – МИЛАН (16:30), ИНТЕР – Кьево (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Вест Ҳэм (21:00)
Мавзуга оид
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024