Спорт | 10:40 / 03.12.2017
27988
2 дақиқада ўқилади

Моуриньо «Арсенал» футболчиларини мазах қилди

Фото: BBC Sports

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо «Арсенал»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган учрашувдан кейинги фикрларини билдириб ўтди.

«Жамоам курашганида менга бу жуда ёқади. «Арсенал» дамба-дам ажойиб ўйин кўрсатиб турди ва уларнинг ҳужумлари бизга қаттиқ қийинчиликлар туғдирди. Аммо айтишим керакки, менинг футболчиларим ғалабага ва мақтовга сазовор бўлишди. Бу ҳақли 3 очко.

Бизнинг режамиз рақиб тўпга эгалик қилганида, тўлиқ жамоа бўлиб, ҳужумчилар билан бирга ҳимояланиш эди. Тўпга эга бўлганимизда эса биз тезда қарши ҳужумга ўтишимиз керак эди ва бу ўхшади. «Арсенал»да кўп вазиятлар бўлди, аммо биз мардонавор курашдик. Қолаверса, бизда буюк дарвозабон бор.

Ўйиндан кейин мен Де Хеага дунё дунё бўлиб бундай дарвозабонни кўрмаганини айтдим. У бизни қутқарди ва жамоадошларининг кайфияти аъло бўлишини таъминлади.

Погбанинг четлатилишими? Билмадим. Бу вазиятни ўзларинг муҳокама қилаверинглар. Косьельнининг Лукакуга қилган қўполлигини муҳокама қилишни ҳам сизларга қолдираман, шунингдек, «Арсенал» футболчиларининг газонга шўнғишларини ҳам. Газон ажойиб эди, балки улар шунинг учун ҳадеб йиқилаверишгандир», – дея Моуриньонинг сўзларини келтирган BBC.

Ўйинда Андре Марринер бош ҳакам бўлиб ишлаганди.

Мавзуга оид