Навоий вилояти Конимех тумани Момиқчи шаҳарчаси «Тўққизтепа» МФЙдан KUN.UZ таҳририятига мурожаатнома келиб тушди. 19 киши томонидан имзоланган шикоятнинг қисқача мазмуни шундай:

Қишлоқ Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги №68-қарори билан шаҳар посёлкаси тоифасига киритилган. Буни эса шаҳарча аҳли фақат орадан беш йил ўтиб, 2015 йил октбярь ойида ер ва мол-мулк солиғи шаҳарчалар учун белгиланган, орттирилган ставкада тўлашлари кераклиги, боз устига тўлаганлар ўтган 6 йиллик давр учун фарқни ҳам тўлаб беришлари кераклигида билишган.

Бироқ, турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилувчи, 90 та хўжаликдан иборат шаҳарча типидаги ушбу аҳоли пунктида шаҳарчаларга хос бўлган шароит етарли эмас. Чунончи, кўчалар тўлиқ асфальт қилинмаган, уйларга водопровод тармоғи тортилгани билан, ичимлик сувини ҳануз сотиб олиб истеъмол қилишаётганини баён этишган.

KUN.UZ таҳририятининг топшириғи билан Момиқчи шаҳарчасига йўл олдим. Мақола аввалида огоҳлантириб қўйишим керак, таҳририятимизга мурожаат қилган фуқароларнинг исм-фамилиясини бермасликка қарор қилдик. Чунки, KUN.UZ мухбирлари мурожаатлар бўйича етиб бориб, халқнинг муаммоси ва ташвишларини ёритган жойларда айрим зўравон раҳбарлар муаммони ҳал қилиш чораларини излаш ўрнига, «туманимни бутун дунёга шарманда қилдинглар», деб хат ёзганларга зуғум ўтказаётганига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз.

Шаҳарчага етиб бориб, дастлаб маҳалла фуқаролари йиғинига кирдим. Лекин у ерда бирор кишини учратмадим. Маҳалла биноси ортида участка нозири учун уй қурилаётган экан, у ерда ишлаётган усталар бу ерлик эмасликларини билдиришди, холос. Шаҳарча марказига келиб, хатда исм-фамилияси бор инсонлардан бирини излаб топдим ва ёзилган мурожаат бўйича келганимни билдирдим. Бирпасда атрофимда тумонат аҳоли тўпланди.

«Ичишга ва суғоришга яроқли сувимиз йўқ»

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қишлоғимиз шаҳар посёлкаси тоифасига киритилгани билан, шаҳарчага хос оддий шароитлар йўқ. Масалан, ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида шаҳарчанинг бир қисмига 5 йил муқаддам водопровод тармоғи монтаж қилиб чиқилган, бироқ у икки километр наридаги қишлоқда тўхтаб қолган ичимлик сув тармоғига уланмаган.