Спорт | 12:16 / 06.12.2017
9796
3 дақиқада ўқилади

Клаттенбург АПЛни тарк этишига Моуриньо сабабчи бўлган 

Англия Премьер Лигасида ишлаган машҳур ҳакам Марк Клаттенбург Саудия Арабистонига кетиб қолганининг сабабини айтиб берди, деб ёзмоқда Onefootball

«Мен Уэйн Руни Бобби Чарлтоннинг рекордини янгилаган ўйинда ҳакамлик қилгандим. Учрашувдан кейин олдимга норози қиёфада Моуриньо келди ва қўл билан ўйналган вазиятда пенальти белгиламаганимни гапира кетди. 

Мен энг совуқ стадион «Сток Сити» майдонида ўйинни бошқардим, бунинг устига «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги ўйинларда ишлаш янаям қийин. Ўйинни жуда яхши бошқардим деб ўйлайман, ўша вазиятни ҳам аниқ кўргандим, тўп кўкракка текканди, лекин Моуриньо бошқача фикрини айта бошлади ва менинг хаёлимга шубҳа уруғини сочди. Мен 250 миль йўл давомида фақат шу ҳақида ўйладим – наҳотки, хато қилган бўлсам? Ҳолатимни рафиқам ҳам сезди, мен эса, ўзимга ўзим савол бердим – «бундай вазиятларнинг бир парчаси бўлишни истаяпманми? Ҳакамлик қилиш менга ёқадими?»

Сездимки, энди бу ишдан олдингидек завқ олмаётгандим. Шунинг учун Саудия Арабистонидан таклиф бўлганида, қарор қабул қилишим осон бўлди», деган 42 ёшли Марк Клаттенбург.  

Клаттенбург 2004 йилдан 2017 йилгача Англия Премьер Лигаси ўйинларини бошқариб келган. Унинг фаолиятидаги энг чўққи 2015/16 футбол мавсумининг охири бўлганди. Марк ўшанда бир ярим ой ичида уч финални бошқаришга муваффақ бўлган. Унга аввалига Англия кубоги финалини, кейин Чемпиионлар Лигаси финалини, июлда эса, Европа чемпионати финалини бошқариш ишониб топширилганди. 

Қизиғи, Марк Клаттенбург Англияда «Манчестер Юнайтед»га бефарқ бўлмаган ҳакам сифатида жуда кўп бор тилга олинади. Жумладан, юқорида эслатиб ўтилган Англия кубоги финалида ҳам «Кристал Пэлас»га қарши ўйнаган «Манчестер Юнайтед» фойдасига қарорлар қабул қилганликда айбланганди. Ҳакамнинг ўйин олдидан «МЮ» собиқ мураббийи Алекс Фергюсон билан жуда яқин муносабатда бўлгани ва бирга хазил-хузул қилгани кўпчиликнинг эътиборини тортганди. Шунингдек, «Челси»нинг икки футболчиси майдондан четлатилган 2012 йилдаги ўша машҳур ўйинда ҳам Клаттенбургнинг «МЮ»га ёрдам бергани ҳақида фикрлар кўп бўлган. 

2017 йилда унга Саудия Арабистонидан ҳакамлар қумитасини бошқариш таклифи тушади ва Марк кўпчилик учун кутилмаганда, бу таклифни қабул қилди.

Мавзуга оид