6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишини эълон қилди. У АҚШ Давлат департаментига Тель-Авивдаги элчихонани Ал-Қудсга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди.

Бу қарорга Туркия биринчилардан бўлиб муносабат билдирди ва АҚШни бу хато қарорини қайта ўйлаб кўришга чақирди.

Яқин Шарқ мамлакатлари ҳам бу қарорга салбий муносабат билдирмоқда.

Ироқ
Ироқ ҳукумати бу қарорни «ҳақоратомуз қарор» деб атади.

«Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакат ҳукумати ва бошқа сиёсий партиялар Трампнинг Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарорини қоралайди», деган Ироқнинг Россиядаги элчиси Ҳайдар Мансур Ҳодий ал-Озарий.

«Менимча, бу қадам минтақада янги муаммоларни келтириб чиқариб, вазиятни янада оғирлаштиради. Бу қарор мусулмон олами учун ҳақоратли қарордир», дея қўшимча қилган Ҳодий.

Сурия
Сурия ҳукумати Ал-Қудс тақдири бирон президент ёки давлат қўлида эмаслигини таъкидлаган.

«Ал-Қудснинг келажаги бир давлат ёки президент томонидан белгиланмайди. Бу унинг тарихидан, шу ҳудудда яшаётган халқ иродасидан келиб чиқиб белгиланади», дейилган Сурия президенти Башар Асад маъмуриятининг твиттерида.

Миср
Миср президенти  Абдул Фаттоҳ ас-Сиси Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот чоғида АҚШ президентининг бу қарорига қарши муносабатини билдирган.

«Президент мулоқот чоғида бу қарор ва унинг салбий оқибатлари ҳақида гапирган», дейилган Миср раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Баёнотга кўра, Фаластин ва Миср раҳбарлари Трампнинг бу қарори БМТ резолюциясини очиқ бузиш эканини таъкидлашган.

Саудия Арабистони
Саудия Арабистони ҳам Трампнинг Ал-Қудс бўйича қарорини масъулиятсиз қарор деб атайди ва АҚШ маъмуриятини бу позициясини қайта кўриб чиқишга чақиради.

Ар-Риёд АҚШнинг қарорини «тушунарсиз ва оқлаб бўлмас қарор», деб ҳисоблайди.

«Саудия Арабистони АҚШ маъмуриятини Ал-Қудс бўйича позициясини қайта ўйлаб кўришга, элчихонасини бу шаҳарга кўчирмасликка чақиради», дейилган Al Arabiya телеканали хабарида.